Африкада кучли бўрон ва қор ёғиши кузатилди — видео
Жанубий Африка Республикасининг бир нечта вилоятларида ноодатий кучли қор ёғиши ва бўрон кузатилди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.

Маълум бўлишича, шамол тезлиги соатига 80 километргача етган. Жанубий ярим шарда қиш бўлишига қарамай, бундай об-ҳаво шароити Жанубий Африка учун одатий эмас. Маҳаллий аҳоли, айниқса, болалар бу имкониятдан фойдаланиб, Сирес шаҳри яқинидаги тоғларда қор ўйнаган.
Таъкидланишича, бундай воқеа Жанубий Африкада биринчи бор содир бўлгани йўқ. Июль ойининг охирида Африканинг жанубига қиш келганди. Метеорологларга кўра, уни Антарктида циклонлари олиб келган. Қайд этилишича, баъзи ҳудудларда ҳарорат минус 10 даражага тушган. Бу энг паст ҳарорат бўйича рекорд ҳисобланади.
Аввалроқ дунёдаги энг қуруқ чўлда қор ёғганди. Шунингдек, Хитойда кучли қум бўрони кузатилган.