Эрдўғон Туркия армияси янги учувчисиз самолётга эга бўлганини маълум қилди — фото
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон «Bayraktar Akinci» — баланд масофадан учадиган учувчисиз парвоз аппарати Туркия армиясига фойдаланиш учун топширилганини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Президентнинг сўзларига кўра, бу дунёдаги энг зўр учувчисиз аппарат ҳисобланади.
«Бугун биз армиямиз арсеналига дунёнинг энг зўр учувчисиз учиш аппаратидан бири бўлган ‘Bayraktar Akinci’ самолётининг қўшилишини мамнуният билан қабул қиламиз. Бу мустақиллигимизнинг яна бир рамзидир. Туркия бундай технологияга эга бўлган учинчи етакчи давлатга айланди. Биз Туркияни учувчисиз қирувчи техника етакчисига айлантиришга қарор қилдик», — деган Эрдўғон.

Шунингдек, у ўн йил олдин бундай турдаги самолётлар Туркия учун сотилмагани, аммо ҳозирда жаҳон саҳнасида Туркия самолётлари ҳақида кўпчилик гапираётганини таъкидлаган.

«Биз ўз кучимизни учувчисиз самолёт ишлаб чиқариш технологияси бўйича бутун дунёга исботладик. Туркия фақат сотиб оладиган мамлакат бўлишни тўхтатди, ўзимиз ишлаб чиқариш ва сотишни бошладик. ‘Bayraktar Akinci’ ишлаб чиқарилиши билан янги босқичга чиқаяпмиз. Баъзи давлатлар суверенитетни, чегараларни ўзгартириш учун технологиялардан фойдаланади, бизнинг принципимиз эса ҳар қандай технологиядан одамлар манфаати учун фойдаланишдир. Турк аскари қадам ташлаган ҳар қандай ер тинчлик ва осойишталик топади. Минтақамизда ёки дунёда тинчлик Туркиясиз амалга ошиши мумкин деб ўйлаб бўлмайди. Энди минтақада бирор нарса қилмоқчи бўлганлар биринчи навбатда Туркияга қарайди», — деган Туркия президенти.
Аввалроқ Эрдўғон дунё мусулмонларига мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Эрдўғон Афғонистонда қандай ҳукумат тузиш кераклигини айтганди.