Исроил ва Фаластин вакиллари 11 йил ичида биринчи марта юқори даражали учрашув ўтказди
Фаластиннинг Рамалла шаҳрида 29 август куни Исроил мудофаа вазири Бени Ганц ва Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Исроил жамоат телерадиокомпанияси хабар берди.

Маълум қилинишича, бу 2010 йилдан буён юқори даражадаги биринчи расмий учрашув бўлган. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида 40 дақиқа бўлиб ўтган. Умуман олганда, учрашув 2,5 соат давом этган. Муҳока қилинган асосий мавзулар эса Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги хавфсизлик ҳолати ҳамда иқтисодиёт бўлган.
«Биз учрашув давомида кўтарилган масалалар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олдик», — дея қайд этган Ганц.
Маълумот ўрнида, Фаластин ва Исроил ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар 2014 йилда тўхтатилган.
Аввалроқ Исроил ҳарбий ҳаракатларни қачон тўхтатишини маълум қилган. Шунингдек, Исроил бош вазири Қуддусдаги вазият бўйича махсус мурожаат билан чиққанди.