Малайзиядаги эгизак биноларда Ўзбекистон байроғи акс эттирилади
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Малайзия пойтахтининг қатор иншоотлари мамлакат миллий байроғи рангларига бурканади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Малайзиядаги элчихона маълум қилишича, Куала-Лумпур шаҳрининг машҳур иншоотлари — «Saloma Link» пиёдалар кўприги, шаҳар мериясининг осмонўпар биноси, шунингдек, машҳур «Petronas Twin Towers» эгизак миноралари жойлашган чорраҳа миллий байроқ ранги билан безанади. Пальма шохларини эслатувчи пиёдалар кўприги 4 мингдан ортиқ махсус фасад панеллари ва ультразамонавий светодиод чироқлари ёрдамида ёритилади.
Қайд этилишича, кўприкнинг узунлиги 69 метр бўлиб, у тезюрар шоссе ва Малакка бўғозига қуйиладиган Кланг дарёси устидан ўтган. Шаҳар мерияси эса Малайзиянинг «Dataran Merdeka» деб номланган Мустақиллик майдонида жойлашган. Мерия биносининг фасади мамлакатдаги энг катта LED-экран вазифасини ҳам ўтайди. У 90 метрга 30 метрлик ўлчовга эга.
Таъкидланишича, эгизак биноларда йирик форматли ва юқори сифатли экранда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган видеороликлар ҳар 5 дақиқада намойиш этиб турилади. Маълумот ўрнида, видеороликлар, мамлакат байроғи ва давлат гербининг электрон шакллари «Дунё» ахборот агентлиги томонидан тайёрланган ва тақдим этилган.
Аввалроқ Ниагара шаршарасида Мустақиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон байроғи акс эттирилиши хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда Мустақиллик байрами тадбирларини ўтказиш тартиблари белгилангани маълум қилинган.