Наманганда масжид таҳоратхонаси девори қулаб тушди — фото
Наманган шаҳрида 30 август куни масжид девори қулаб тушди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳолат Наманган шаҳри Заркент маҳалласидаги Ахси кўчасида 30 август куни соат 18:30 атрофида содир бўлган. «Хомиддин қори жомъе масжиди» учун таҳоратхона қурилаётган пайтда девор ўпирилиб тушган. Оқибатда унга қўшни уйдаги дарвозахонанинг ён деворида ҳам ўпирилиш юзага келган ва дарвозахона том қисми қулаган.

Таъкидланишича, ҳодиса туфайли хонадон эгасига тегишли «Matiz» автомобили девор тагида қолиб кетган. Ҳолат натижасида фуқароларга жиддий тан жароҳати етмаган.

Қайд этилишича, ҳозирда воқеа жойига Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди ва ёнғин-қутқарув бўлими қутқарувчилари етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода «Абдуллахон» мадрасаси девори қулаб тушгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида кўп қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушгани ва Наманганда кучли шамол оқибатида кўп қаватли уйларнинг томи учиб кетгани маълум қилинган.