Қирғизистон президенти Ўзбекистонга ЕОИИга қўшилишни таклиф қилди
Садир Жапаров Ўзбекистонга Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишга таклиф қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари 30 август куни мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш муносабати билан дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашган. Жараён давомида бир қанча мавзуларга тўхталиб ўтган. Уларнинг орасида эса ЕОИИга алоқадор мавзу ҳам бўлган.
Президентнинг айтишича, Қирғизистоннинг 2015 йилда ЕОИИга аъзо бўлиши савдо-иқтисодий муносабатлар, саноат, қишлоқ хўжалигида ижобий натижалар эришишга олиб келган ва қирғизистонлик тадбиркорларнинг ЕОИИда ишлаши учун имкониятлар яратган.
«Россия, Қозоғистон ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари меҳнат бозорида меҳнат муҳожирлари учун шароитларни яхшилаш Қирғизистоннинг, шубҳасиз, бирламчи мақсадларидан биридир», — деган президент.
Шунингдек, давлат раҳбари энг яқин минтақавий ҳамкорлар — Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонни ҳам ушбу ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий комиссиясидаги вакили этиб мамлакат иқтисодий комплексида деярли 30 йиллик тажрибага эга бўлган Шуҳрат Шукуров тайинланганди. Унга Ўзбекистонни узоқ муддатли миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ЕОИИ доирасида кузатувчи давлат сифатидаги фаолиятини самарали ташкил этиш вазифаси юклатилган. Унинг ваколатхонаси Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида жойлашади.
Маълумот ўрнида, 2020 йилда ушбу кўп томонлама тузилмада Ўзбекистон кузатувчи мақомига эга бўлганидан сўнг ЕОИИ доирасида интеграция жараёнларини чуқур ўрганиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш вакилнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги доимий вакили Москвада фаолиятини бошлагани хабар берилганди.