Шавкат Мирзиёев Кўксаройда Мустақиллик арафасида тақдирланганларга мукофотларни топширди — фото
Шавкат Мирзиёев 30 август куни Кўксаройда Мустақиллик байрами муносабати билан тақдирланган фуқароларга мукофотларни топширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, маросимда давлат ва жамоат ташкилоти раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ёшлар иштирок этган. Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами билан табриклаб, эришилган ютуқлар билан қутлаган:

«Кўксингизда ярқираб, ярашиб турган фахрий унвонлар, орден ва медаллар барчангизга муборак бўлсин. Мен ҳаммангизни яхши биламан, сизлар билан фахрланаман. Қадамларимиз баракали, натижали бўлиши учун ҳали кўп ишлашимиз керак. Инсон учун энг катта бахт — оилавий бахт, яқинларимиз соғ-саломат, юртимиз тинч-осойишта бўлиши. Ҳаммангизга шундай бахт насиб этсин. Ҳар бир оилада хотиржамлик, тўйлар бўлсин».

Шунингдек, Президент шифокорлар халқ саломатлиги учун курашаётганини, ҳарбийлар тинч-осойишталик йўлида хизмат қилаётганини, тадбиркор, деҳқон ва фермерлар, ишчи-муҳандислар мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшаётганини билдирган.

«Мустақиллигимизнинг биринчи йилида туғилган ёшлар 30 ёшга кирди, балоғатга етди. Биз биринчи кундан ёшлар масаласини энг катта вазифа қилиб олганмиз. Агар бугунги шиддатли дунёда ёшларимиз тарбиясига катта эътибор қаратиб, уларга билим, кўмак бериб, ҳозирги замонга муносиб қилиб, йўлини топиб бермасак, кўп нарсадан орқада қолиб кетамиз. Бугун жойларда ишлаётган, ўқиётган, замонавий мутахассис бўлиб етишаётган ана шундай жўшқин ёшларимиз давлатимизга жуда катта куч-қудрат», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, мамлакатда маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорлар мукофотланган. Маросимда бу мукофотлар уларнинг оила аъзоларига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги таълим тизими тўғрисида гапиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент Муножот Йўлчиевани юксак унвон билан қутлагани ва Шавкат Мирзиёев Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст бўлганини эслагани маълум қилинган.