Сирдарёда 9,2 млрд сўмлик крипто-актив қурилмаларидан ноқонуний фойдаланганлар аниқланди
Сирдарё вилояти Ховос туманида 9,2 миллиард сўмлик крипто-актив қурилмаларидан ноқонуний фойдаланганлар аниқланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар бошқармаси ва Миллий Гвардия вилоят бошқармалари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари билан ҳамкорликда Ховос тумани ҳудудида крипто-актив қурилмаларидан («Майнинг» — фирма) ноқонуний фойдаланиш ҳолатини аниқлаш борасида тезкор тадбир ўтказган.
Қайд этилишича, унда шу туманда яшовчи фуқаро Э.Д.нинг яшаш хонадони ёрдамчи хўжалик бинолари кўздан кечирилиб, фуқаро Х.И. компьютер эҳтиёт қисмларидан (видеокарта, блок питания, хотира картаси, плата) қўлбола усулда ясалган, катта ҳажмдаги крипто-актив қурилмаларидан лицензиясиз ноқонуний равишда шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Шунингдек, электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати ўрганилиб, 265,2 миллион сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилган ҳамда фуқаро Э.Д. ва Х.И.дан 11 турдан иборат жами 3529 дона, тахминий қиймати 9,2 миллиард сўмлик компьютер қурилмалари ва бошқа турдаги товар-моддий бойликлари вақтинча сақловга олинган.
Аниқланишича, бундай ноқонуний фаолиятни Корея фуқароси С.Й. ва Ўзбекистон фуқароси Х.И. тил бириктириб, Президентнинг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарор талабларини бузиб, фаолият олиб борган. Таъкидланишича, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқлангани хабар қилинган.