«Сизлар билан бир дастурхон атрофида ўтирардим, лекин 6 та давлат раҳбари билан гаплашишим керак» — Президент
Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳида бир гуруҳ юртдошларга фахрий унвонлар, орден ва медалларни топшириш маросими якунланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Маълум бўлишича, Кўксарой қароргоҳида юксак давлат мукофотига сазовор бўлган ватандошларни тақдирлаш маросими якунида давлат раҳбари ҳаммани яна бир марта табриклаб, байрам дастурхонига таклиф қилган.
«Абдулла Неъматович, дастурхонимиз тайёр-а? Албатта, мен бугун ҳар бирингизни юксак мукофотлар ва улуғ байрамимиз яна бир марта табриклайман. Сизлар билан бир дастурхон атрофида жон деб ўтирган бўлардим, лекин вақтим тиғиз, бугун 6 та давлат раҳбари билан суҳбатлашишни режалаштирганман. Улар кутиб турибди, вақт фарқи ҳам бор.
Байрам байрамдек бўлсин, шошилманглар, ҳеч бир ишларинг қолиб кетмайди, хотиржам дам олинглар ва оила аъзоларингизни менинг номимдан табриклаб қўйинглар», — дея тадбирни якунлади давлат раҳбари.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев тақдирлаш маросимида Муножот Йўлчиевани юксак унвон билан қутлагани хабар қилинган. Шунингдек, давлат раҳбари Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст бўлганини эслаганди.