Тожикистонда Мустақиллик байрами муносабати билан 16 минг киши афв этилиши мумкин
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон парламентга амнистия таклифини юборди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, амнистия тўғрисидаги қонун иши суриштирув, дастлабки тергов ва суд босқичида бўлган маҳкумлар ва шахсларнинг кенг доирасига нисбатан қўлланилади. Тахминларга кўра, Тожикистоннинг 16 мингга яқин фуқароси амнистияга тушади, шундан 5300 маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилади.
Қайд этилишича, кўпинча амнистия аёллар, вояга этмаганлар, 55 ёшдан ошганлар, ногиронлар, оғир касаллар, давлат мукофотларига эга бўлганларга, уруш қатнашчилари, шунингдек, чет эл фуқароларига нисбатан қўлланилади. Қонун оғир жиноятларда айбланган ва 2019 йилда амнистия қилинган, лекин яна жиноят содир этган шахсларга тааллуқли эмас.
Таъкидланишича, президентнинг таклифини парламент 6 сентябрда кўриб чиқади. Агар маъқулланса, тегишли тузилмаларга икки ой ичида амнистия тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш топширилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами арафасида 215 нафар маҳкумни афв этгани хабар берилганди. Шунингдек, Президент Наврўз байрами арафасида 140 нафар маҳкумни афв этганди.