«Толибон» ҳаракати Афғонистон уламолар кенгаши собиқ раҳбарини ҳибсга олди
«Толибон» ҳаракати Афғонистон уламолар кенгашининг собиқ раҳбари Муҳаммад Сардор Задранни ҳибсга олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум бўлишича, «Толибон» ҳаракати Задран ҳибсга олинганини тасдиқлаган. Қайд этилишича, кенгаш собиқ раҳбари кейинчалик қўйиб юборилган. Лекин ҳаракат бунга нима сабаб бўлганини очиқламаган. Июль ойида унинг раҳбарлиги остидаги Афғонистон уламолар кенгаши «Толибон» ҳаракати олиб бораётган урушни ноқонуний деб эълон қилган. Кенгаш, шунингдек, ҳаракатни ўт очишни тўхтатишга чақирган.
Август ойининг биринчи ўн кунлигида «Толибон» ҳаракати Афғонистондаги ҳукумат кучларига қарши ҳужумини кучайтирган. 15 август куни ҳаракат жангарилари мамлакат пойтахтига кириб, президент саройини ўз назоратига олган. 16 августда эса «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда уруш тугаганини эълон қилган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон халқ қўшиқчисини ўлдиргани айтилганди. Шунингдек, ҳаракат Афғонистоннинг собиқ президентини ҳибсга олгани ҳақидаги хабарларга жавоб берган.