«Толибон» ҳаракати Афғонистонда таълим қандай ташкил этилишини маълум қилди
«Толибон» ҳаракати томонидан тайинланган Афғонистон олий таълим вазири Абдул Баки Ҳаққоний мамлакатда талаба қизлар ва ўғил болалар алоҳида синфларда ўқишини маълум қилди. Бу ҳақда «TOLO News»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Ҳаққонийнинг сўзларига кўра, қизлар таълим олиш ҳуқуқига эга, лекин улар ўғил болалар билан ўқий олмайди. Шунингдек, талабаларга «хавфсиз таълим муҳити» таъминланади. У, шунингдек, яқинда университетлар қайта очилишини ва Олий таълим вазирлиги ўқитувчилари ва ходимларига маош тўлашига ваъда берган.
Маълумот учун, Афғонистон Олий таълим вазирлиги Кобулда университет профессорлари, академиклар ва вазирликнинг собиқ амалдорлари иштирокида конференция ўтказган. Унда собиқ таълим ходимлари ва университет профессорлари «Толибон»га таълимнинг янги шаклини яратиш ўрнига мавжуд таълим тизимини сақлаб қолиш ва модернизация қилишга чақирган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати аёлларга яна бир тақиқ қўйгани маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Ғазни вилояти радиосида аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган.