10:02 | 30.08.21 86

«Толибон» ҳаракати Панжшердаги ижтимоий вазиятни қийинлаштираётгани айтилди

Ҳаракат вилоятда телекоммуникация тизимини узиб қўйган

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати назоратига ўтмаган Панжшер вилоятида ижтимоий вазиятни мураккаблаштирмоқчилиги маълум қилинди. Бу ҳақда вилоятдаги манбага таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, «Толибон» ҳаракати бутун вилоятни телекоммуникация тизимидан узиб қўйган, мобил интернетни эса қисман чеклаган.

«Панжшердаги гуманитар вазият ҳозирча барқарорлигича қолмоқда, лекин ‘Толибон’ вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштирмоқчи. Улар давлат электр таъминоти тизимига киришни тўсиб қўймоқда. Ҳозирча маҳаллий дарёлар ишлаб чиқарадиган электр қуввати аҳолини етарлича таъминламоқда. Бундан ташқари, толиблар баъзан вилоятга олиб борадиган йўлларни тўсиб қўяди. Уларнинг Панжшерга қўшни Бағлон вилоятида бўлгани каби озиқ-овқат ва ёнилғи таъминотини тўсиб қўйиши хавфи бор», дейилган манбада.

Аввалроқ «Толибон» Панжшер кучларининг тинчлик бўйича таклифга жавоб бермаганини айтганди. Шунингдек, Панжшердаги қаршилик кучларининг ҳарбий машғулотлари видеоси эълон қилинганди. Ҳамда Аҳмад Масъуд Панжшердаги вазият бўйича маълумот берганди.