«Толибон» ҳаракати Панжшердаги қаршилик кучлари пистирмасига тушди
Оқибатда ҳаракатнинг 10 аъзоси ўлган, 50 га яқини жароҳатланган
Панжшердаги қаршилик фронти вакили Фаҳим Дашти «Толибон» ҳаракати жангарилари вилоятга кира олмаганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, Боғлон вилоятининг Андароб туманида қаршилик кучлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўқнашувлар юз берган. Андаробнинг Туграли қўмондонлиги бошчилигидаги қаршилик кучлари тактик жиҳатдан Ховак-Панжшер йўналишидаги Сараб дарасига чекинган ва шу билан жангариларни пистирмага жалб қилган.
«‘Толибонʼ уларнинг ортидан эргашди ва Панжшер мудофаасининг олдинги чизиғига ўтишга ҳаракат қилди», — деган Фаҳим Дашти. Пистирма оқибатида «Толибон»нинг 10 нафар аъзоси ўлган ва 50 га яқин аъзоси турли даражадаги тан жароҳати олган.
Маълумот учун, Андараб — Панжшер дарасига борадиган энг осон ва очиқ йўллардан бири, у ҳозир «Толибон»га қарши кучларнинг қаршилик кўрсатиш маркази ҳисобланади.
Аввалроқ Аҳмад Масъуд бошчилигидаги қаршилик кучлари таркибида қанча одам борлиги маълум бўлганди. Шунингдек, Панжшердаги қаршилик кучларининг ҳарбий машғулотлари видеоси эълон қилинганди.