Тошкентда уйида ноқонуний ҳужра ташкил қилган 20 ёшли йигит ушланди
Тошкент шаҳри Янги ҳаёт туманида уйида ҳужра ташкил қилган 20 ёшли йигит ушланди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ходимлари Янги ҳаёт туманида профилактик текширув ўтказган. Унда хусусий уйлардан бирида 20 ёшли М.Қ. тегишли рухсатномасиз вояга етмаганлар учун диний адабиётдан фойдаланиб, дарс ўтгани аниқланган.
Қайд этилишича, воқеа жойидан диний адабиёт, DVD-диск ва мобил телефонлар ашёвий далил сифатида олинган.

Таъкидланишича, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда қизларга ноқонуний диний сабоқ бериб келган 3 аёл ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Андижонда 3 эркак болаларга ноқонуний диний таълим бергани аниқлангани ва Қашқадарёда уйида 14 нафар болага ноқонуний диний таълим берганлар қўлга олингани маълум қилинган.