Тошкентда яна бир хорижий ОТМ филиали ташкил этилди
Президент қарори билан 28 август куни Тошкент шаҳрида «С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга кўра, филиал «С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти» федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) (БДКИ) юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Филиалда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.
Маълум қилинишича, таълим жараёни Кинематография агентлиги билан келишган ҳолда БДКИ томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлар асосида рус тилида олиб борилади, шу билан бирга унда ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи ўқитилади. Таълим кундузги, сиртқи шаклда ҳамда масофавий тарзда йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, қуйидагилар филиалнинг асосий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳисобланади:
- Драматургия;
- Продюсерлик (турлари бўйича).
Таъкидланишича, битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот сифатида тан олинадиган Россия Федерацияси давлат намунасидаги БДКИ дипломи берилади. Филиалда давлат гранти асосида таълим олган битирувчилар 5 йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан кинокомпаниялар, телерадиокомпаниялар ёки кино ва телевидение соҳасидаги ташкилотларга тақсимланади.
Аввалроқ Кинематография агентлиги директори Бутунроссия кинематография институти ректори билан учрашгани ва Тошкентда Бутунроссия кинематография институти филиали очилиши хабар қилинган.