Афғонистон вице-президенти мамлакатнинг «Толибонистон»га айланишига йўл қўймаслигини айтди
Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ Германиянинг «Der Spiegel» нашрига хат ёзиб, Панжшер вилоятида Афғонистон миллий қаршилик фронти билан биргаликда «Толибон» ҳаракатига қарши туришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Солиҳнинг сўзларига кўра, қаршилик кучлари географик жиҳатдан изоляцияланган, лекин сиёсий ва маънавий жиҳатдан Афғонистон улар билан бирга.
«Афғонистон ҳеч қачон ‘Толибонистон’га айланмайди», — деган вице-президент.
Таъкидланишича, Афғонистон вице-президенти мазкур хабарни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» WhatsApp орқали «Der Spiegel»га уч саҳифали қўлда ёзилган хатнинг фотосурати кўринишида юборган. Мактубда Солиҳ Оқ уйни «соддалик, чарчоқ ва миёпия (узоқни яхши кўролмаслик)»да айблаб, АҚШ маъмуриятининг хатти-ҳаракатлари ҳозир унинг обрўси ва дунёдаги мавқеига путур етказганини айтган. Шунингдек, у Ашраф Ғанининг «Толибон» Кобулни эгаллаб олганидан кейин мамлакатни тарк этишини хиёнат деб атаган.
Солиҳ бу вазиятдан чиқиш йўли ҳали ҳам борлигини таъкидлаган. Бунинг учун, унинг фикрича, жаҳон ҳамжамияти Афғонистонда сиёсий келишувни талаб қилиши, шунингдек, Панжшердаги миллий қаршиликни тан олиши ва қўллаб-қувватлаши керак. Шу билан бирга, мактубда собиқ президент Масъуд толиблар билан «самимий ва жиддий музокараларга» тайёр эканини тасдиқлаган. Ҳамда Солиҳ «Толибон» эълон қилган Ислом Амирлигини ҳеч қачон тан олмаслиги ва «келишув ниқоби остида таслим бўлиш келишуви бўлмаслиги»ни ваъда қилган.
Аввалроқ Афғонистон вице-президенти ҳукумат қулаши қачон бошланганини маълум қилганди. Шунингдек, Солиҳ ҳукумат қулашининг сабабларини санаб ўтганди.