«Бу ерда ғалати ишлар бўляпти, қизим». Фарғонадаги ковид марказда даволанаётган аёл ўлимидан олдин қизига аудио юборди
Фарғона вилоятидаги ковид марказда даволанаётган аёлнинг ўлимидан олдин қизига жўнатган аудиохабари тарқалганди. «Bugun.uz» ҳолатга аниқлик киритиш учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати билан боғланди.

Маълум бўлишича, аёл мессенжер орқали қизига аудиохабар ёзган ва унда «Қизим, бу ерда ғалати ишлар бўляпти, тезда тоғангни олиб кел. Бу одамлар қўрқинчли экан, бекорга шунча одам ўлиб кетмаяпти», деган.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси тезкор ишчи гуруҳи вазиятни бевосита ўрганган ва унда қуйидагиларни аниқлаган:
«Фарғона шаҳрида истиқомат қилган 64 ёшли бемор Х.М.да касаллик белгилари 16 август куни тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал белгилари билан бошланган. Беморда ҳаракатланганда ҳансираш, кўп терлаш, умумий ҳолсизлик, дармонсизлик кучайиб борган, бош оғриши ва бутун танасидаги оғриқ кузатилган. Бемор уй шароитида даволаниб, (‘Азитромицин’, цинк, аскорбин кислотаси, ‘Амброксол’, ‘Парацетамол’ каби дори воситаларини қабул қилган) аҳволи оғирлашгандан сўнг бемор 20 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиалига мурожаат қилган. У ерда СОVID-19’га тест топширган, коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқлангач, шу куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган».
Таъкидланишича, бемор билан коронавирусга чалинганларни даволаш бўйича 8-версия текшириш ва даволаш ишлари олиб борилган. Унда асосий касаллик коронавирус инфекцияси фонида икки томонлама пневмония ривожланишининг кучайиши оқибатида беморда сатурация кўрсаткичининг пасайиб, 50–70 фоиз атрофида бўлиши, қондаги кислород етишмовчилиги туфайли тўқималарда гипоксия кучайгани, постгипоксик алаҳсираш натижасида беморда ваҳима кучайиб, ҳар хил алаҳсираш (галюцинация) ҳолати кузатилган.
«Видеохабарда ана шу ҳолат кўрсатилган бўлиши мумкин. Бемор СИПАП-аппаратга олишга кескин қаршилик кўрсатгани учун унга тинчлантирувчи дори воситаси қилинган. У ҳаёти давомида икки марта миокард инфарктни ўтказган. 8-версия бўйича олиб борилган даволаш ва оксигенотерапия муолажаларига қарамасдан, қўшимча касалликларининг асорати туфайли 26 август соат 20:00 да бемор вафот этган», дейилган Соғлиқни сақлаш бошқармаси берган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда вакцина олган аёл фалаж бўлиб қолгани айтилганди. Шунингдек, Хоразмда ўзбек-хитой вакцинасини қабул қилган аёлнинг кўзи кўрмай қолгани ҳақида хабар тарқалгани ва Хоразмда ўзбек–хитой вакцинасини олган аёлнинг кўзи кўрмай қолганига нима сабаб бўлгани очиқлангани маълум қилинган.