Ўзбекистон дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш-2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди. Бу ҳақда «Адолат» социал-демократик партияси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баравар кўпайиб, 500 мингдан ошган. 2021 йилда 92 мингдан зиёд ёшларнинг инновацион лойиҳалари учун 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилган. Хусусан, шу йилнинг 8 ойи мобайнида «Ёшлар дафтари»га киритилган 430 минг нафар ёшларга муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратиб берилган.
Қайд этилишича, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинган. Бу эса 2021 йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади, дегани.
Таъкидланишича, мамлакатда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида илғор хорижий тажрибалар ўрганиляпти. Жумладан, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қўллаб-қувватланган. Бу каби чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланган, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган.
Аввалроқ Ўзбекистон дунёнинг энг яхши давлатлари рейтингидан жой олгани ва турар жойга эгалик қилиш рейтингида 82-ўринни эгаллагани хабар қилинган.