Янгиликлар - 16:25 · 31.08.2021

Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги мактаб дастурларидан ўзбек тили чиқариб ташлангани айтилган хабарларга изоҳ берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили «Толибон» ҳаракати гўёки Афғонистон ҳудудида мактаб дастуридан ўзбек тилини олиб ташлагани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг «Толибон» ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланган.

«Толибон» ҳаракати вакили ўзбек тили, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаган. Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратиши маълум қилинган.

«Баъзи билимсиз ‘таҳлилчи’ ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва ‘қайноқ факт’лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир», дейилади хабарда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг ёзишича, ушбу шахс Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг ҳам тақиқлангани ҳақида хулоса қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Термиз–Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазият юзасидан қўшимча баёнот берганди. Кейинчалик Ўзбекистон тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати расмийлари билан яқин алоқада бўлиб тургани маълум қилинди.

Bugun — LIVE