Ўзбекистон Халқаро армия ўйинларининг яна бир мусобақасида ғолиб бўлди — фото
Жазоирда VII Халқаро армия ўйинларининг «Содиқ дўст» мусобақасида Ўзбекистон жамоаси 1-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мусобақада Мудофаа вазирлиги кинологларидан иборат гуруҳнинг эркаклар ва аёллар жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, сенсацион натижа кўрсатган.

Иштирокчи жамоалар белгиланган нишонларни BI-7,4 кичик калибрли спорт қуроли билан яксон қилиш, 300 метрлик тўсиқли йўлакдан ўтиш, дог биатлон (яккалик пойга) ва 1600 метр масофага (дог биатлон) эстафета югуриш шартларида маҳоратларини синаган. Жамоа вакили III даражали сержант Улуғбек Нуриллаев 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида рекорд натижа қайд этган.

Таъкидланишича, эркаклар жамоалари ўртасида ўтган баҳсларда ўзбекистонлик ҳарбий кинологлар 1-ўринни қўлга киритган. Иккинчи ўринни Россия жамоаси ва учинчи ўринни Беларусь вакиллари банд этган.

Аёллар жамоаси аъзоси оддий аскар Диёра Валижонова ҳам 300 метр масофадаги тўсиқларни хизмат ити билан енгиб ўтиш йўлагида рекорд ўрнатган. Ирода Олимова эса АК-74 кичик калибрли спорт қуроли билан «Моҳир ўқчи» йўналишида нишонларни йўқ қилиш бўйича 132 балл йиғиб, номини рекордчилар қаторига қўшиб қўйган.
Шунингдек, аёллар ўртасидаги мусобақада биринчи ўринни Ўзбекистон, иккинчи ўринни Россия ва учинчи ўринни Алжир жамоалари қўлга киритган.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбий шифокорлари «АрМИ–2021» доирасидаги мусобақада ғолиб бўлгани маълум қилинган. Шунингдек, «Танк биатлони» мусобақасида Ўзбекистон жамоаси учинчи ўринни эгаллагани хабар қилинган.