Ўзбекистонда Мустақиллик байрами кунларида ҳам аҳолини эмлаш давом эттирилади
Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан дам олиш деб эълон қилинган 1–5 сентябрь кунлари ҳам вакцинация жараёни давом этади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, байрам ўтказиладиган жойларда малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича туну кун навбатчилик ташкил этилади. Халқ сайиллари, болалар иштирокидаги байрам тадбирлари ўтказиладиган ва аҳоли гавжум жойларда тиббий ёрдам хизмати ташкиллаштирилади.
Шунингдек, байрам кунлари юртимиздаги барча даволаш муассасаларида, ҳудудий оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда белгиланган тартибда байрам кунлари 08:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатадиган шифокор ва ҳамширалардан иборат навбатчи бригадалар тузилиши белгиланган.
Қайд этилишича, шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасалари ва тез ёрдам хизмати одатдаги тартибда бир маромда узлуксиз ишлайди. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимлари фаолият кўрсатади.
Таъкидланишича, эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда эмлаш пунктлари фаолияти байрам кунлари ҳам давом эттирилади. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бошқармалари байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича тегишли чораларни кўради.
Аввалроқ ССВ коронавирусдан даволанган киши ҳам эмланиши кераклигини маълум қилгани, Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони минг кишидан ошгани ва кимлар вакцина олмаслиги хабар қилинган.