Қирғизистон ИИВ ноқонуний равишда 100 га яқин одамнинг телефон қўнғироғини эшитгани айтилди
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 5 ойдан кўпроқ вақт давомида 2020 йил 5 октябрь воқеалари, хусусан, Оқ уйга бостириб кириш ва уни эгаллаш билан боғлиқ иш доирасида сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларни ўз ичига олган 100 дан ортиқ одамни ноқонуний тинглаган. Бу ҳақда «Knews» хабар берди.

Маълум қилинишича, шу муносабат билан бир қатор фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Садир Жапаровга мурожаат қилган. Мурожаат матни президентликка ўз номзодини қўйган Олий суд конституциявий палатасининг собиқ судьяси ҳамда «Ислоҳот» партияси етакчиси Клара Сооронқулованинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинган.
«Биз Қирғизистон президентига конституциявий ҳуқуқларимиз қўпол равишда бузилгани ва шахсий ҳаётга очиқ ҳамда қўпол равишда бостириб кирилгани борасида мурожаат қиламиз. Первомайск туман судининг тергов судьяси Ч.М. Бердимуратов 2021 йил 6 январда Қирғизистоннинг 100 га яқин фуқароси телефонларини тинглашга рухсат берувчи қарор чиқарган. Суднинг бундай қарор қабул қилишига Ички ишлар вазирлиги тергов хизмати бошлиғи А. Жумабоевнинг 2020 йил 5 октябрь воқеалари билан боғлиқ ҳолда одамларни тинглашга рухсат беришни сўрагани ва судга қадар тергов олиб борилаётганини айтгани сабаб бўлган», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, терговчи тақдим этган рўйхатда Қирғизистон президентлигига мухолифатчи номзодлардан ташқари октябрь воқеаларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган шахслар бор. Масалан, Нурбек Токтакунов, Сания Токтогазиева, Таттйбубу Эргешбоева ва бошқалар. Уларнинг телефон қўнғироқларини тинглаш 2021 йил 6 январдан бошлаб давом этиб келган. Рўйхатдагиларнинг кўпчилиги фаол фуқаролик позициясини эгаллаган бўлиб, ҳозирги давлат сиёсати борасида ўз фикрлари ҳамда танқидларини дадил ва очиқ билдира олади. Содир бўлган ҳолат эса бу фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақида маълумот тўплаш учун телефонларни тинглаш бошқача фикр билдириш учун таъқиб қилишдан бошқа нарса эмаслиги таъкидланган. Судья Ч.Бердимуратов жиноят иши борлигига ишонч ҳосил қилмасдан ва бу шахсларнинг тергов қилинаётган ҳолатга алоқадорлигини аниқламасдан ажрим чиқарган.
«Биз Қирғизистон президентидан конституциявий ҳуқуқларимиз кафолати сифатида бу фактга алоқадор барча мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун қатъий чоралар кўришни талаб қиламиз. Ички ишлар вазири У.Ниёзбеков зудлик билан лавозимидан четлатилиши керак! Ички ишлар вазирлиги бошлиқлари ва терговчилари, биринчи навбатда, А. Жумабоев, судья Ч.Бердимуратов жиноий жавобгарликка тортилсин», дея қўшимча қилинган хабарда.
Аввалроқ Қирғизистонда «Социал-демократлар» партияси раҳбарининг машинаси ўққа тутилгани айтилганди. Шунингдек, Қирғизистонда бош вазирга ёмон йўллар сабаб эски машинада юриш таклиф қилинган.