Регистон майдони олдида «Gentra» ва «Nexia» дрифт қилди — видео
Самарқанд вилояти Регистон майдони олдида 5 август куни «Gentra» ва «Nexia» машиналари дрифт қилгани ҳақида хабар тарқалганди. Ички ишлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Регистон майдони олдидаги автомобиль йўлида 5 август куни соат 01:40 атрофида фуқаролар «Gentra» ва «Nexia» машиналарини чийиллатиб, кескин ҳайдаган ва дрифт қилган.
Таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамкорликда суриштирув ишлари олиб борган ва одамларнинг тинчини бузган шахслар аниқланган. Қайд этилишича, уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси жарима майдончасига олиб борилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода машинасида дрифт қилган ҳайдовчига чора кўрилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бўстонлиқда 2 машина ҳайдовчилари йўлда хавфли дрифтлар қилгани ва Самарқандда «Lacetti» ҳайдовчиси машинасига кўк ва қизил чироқ-маёқчалар ўрнатган ҳолда ҳаракатлангани маълум қилинган.
