Россияда давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл ва 2 эркак қўлга олинди
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл 2 эркак ҳибсга олинди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, «78.ru» хабар берди.

Маълум қилинишича, 30 август куни соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 12:00 да) Римский-Корсаков проспектидаги 7-уй яқинида Самарқанд вилоятида туғилган 38 ёшли эркак ва Тошкент вилоятида туғилган 40 ёшли аёл қўлга олинган. Аниқланишича, улар Ўзбекистондаги энг йирик фармацевтика корхонаси — «АТМ PARTNERS»да бош директор ва иқтисодий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаб, 2015 йилдан 2019 йилгача компаниянинг ҳисоб рақамларидан 9,5 миллион доллар ўғирлаган. Полиция ҳодимлари жиноятчиларни ҳибсга олган.
Шунингдек, 30 август куни соат 15:30 да (Тошкент вақти билан 17:00 да) Моисеенко кўчасидаги 24-уй яқинида 39 ёшли ўзбекистонлик эркак қўлга олинган. У 2015–2016 йилда Тошкентдаги «Строй Ремонт Обучение» компанияси раҳбари бўлиб ишлаётганда 11 миллион рублга яқин пулни ўғирлашда гумон қилинган. Полиция ходимлари уни ҳам қамоққа олган.
Аввалроқ Россияда Ўзбекистонда қидирувда бўлган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россияда федерал қидирувда бўлган ўзбекистонлик эркак қўлга олингани маълум қилинган.