«Толибон» ҳаракати АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетганини нишонлади — видео
«Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид АҚШнинг охирги ҳарбийлари мамлакатни тарк этганидан сўнг Афғонистон ҳақиқатан ҳам мустақил бўлганини эълон қилди. Бу ҳақда «SKY News»га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳаракат вакили буни ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилган.
«Бугун Афғонистон вақти билан ярим тунда (Тошкент вақти билан 00:30) охирги америкалик аскар Кобул аэропортини тарк этди. Шундай қилиб, ниҳоят, мамлакатимиз озод бўлди ва тўлиқ мустақилликка эришди», — деб ёзган Мужоҳид.
Таъкидланишича, «Толибон» ҳаракати Америка ҳарбий контингенти чиқиб кетганидан сўнг Кобул кўчаларида қуроллардан ҳавога қарата ўқ узган. Ҳаракат шу тариқа АҚШнинг 20 йиллик миссияси тугаганини нишонлаган.
Аввалроқ АҚШ қўшинлари Афғонистонни бутунлай тарк этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати қўлига ўтган АҚШ ҳарбий техникалари нархи маълум қилинган.