«Толибон» ҳаракати бошқа давлатлар депорт қилган афғонларни қабул қилади
«Толибон» ҳаракати бошқа давлатлар депорт қилган афғонларни қабул қилиши маълум бўлди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Айтилишича, ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўз интервьюсида депортация қилинган афғонлар ватанига қайтиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра барча фуқаролар қабул қилинади. Лекин уларнинг барчаси келгусидаги тақдирини ҳал қилиш учун суд қилиниши керак.
Мужоҳиднинг баёноти Австрия ҳукумати Европа Иттифоқида бошпана излаётган афғонларга нисбатан кескин позицияни эгаллагандан сўнг эълон қилинди. Австрия ички ишлар вазири Карл Неҳаммернинг айтишича, мамлакат рад этилган бошпана изловчиларини Афғонистонга иложи борича узоқ муддатга депортация қилишни давом эттириши керак.
«Толибон» ҳаракати вакилидан Германия ва Австрияда бошпана сўровлари рад этилган ёки ўша мамлакатларда жиноят содир этган афғон қочқинларини қабул қиласизми деб сўралганда, Забиҳуллоҳ Мужоҳид ижобий жавоб берган. «Ҳа. Улар судга топширилади. Кейин суд улар билан қандай муомала қилишни ҳал этиши керак», — деган у. Қайд этилишича, ҳаракат вакили депортация қилинган афғонистонликларни нима учун жавобгарликка тортиш кераклигини ёки суд қандай қарор қабул қилиши мумкинлигини очиқламаган.
Аввалроқ Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати билан келишиш шартини айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Афғонистонда таълим қандай ташкил этилишини маълум қилган.