Тошкентда ЙПХ ходимлари ҳайдовчини қувлади — видео
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 29 август куни йўл-патруль хизмати ходимлари ҳайдовчини қувлади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 23:30 атрофида туманнинг Бунёдкор кўчасида содир бўлган. Аниқланишича, ЙПХ ходимлари томонидан «Spark» автомобили тўхтатилган ва текширув давомида 30 ёшли ҳайдовчи шубҳали хатти-ҳаракатлар билан воқеа жойидан пиёда қочиб кетган.
Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи ушланган. Машина кўздан кечирилганда салон қисмида целлофан пакетда ўткир ҳидли гиёҳванд модда борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилиши учун ҳайдовчи ва топилган воситалар туман ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига топширилган.
Аввалроқ Чироқчи туманида гашиш ва опий гиёҳванд моддаларини олиб кетаётган «Damas» ҳайдовчиси ушлангани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкентда почта жўнатмасидан гиёҳванд моддалар топилгани маълум қилинган.