Афғонистонликларга қонуний равишда гиёҳванд модда етиштиришга рухсат бериш кераклиги айтилди
Афғонистон деҳқонларига қонуний равишда гиёҳванд моддалар етиштиришга рухсат бериш кераклиги айтилди. Бу ҳақда «Politico» хабар берди.

Маълум бўлишича, бу таклифни Британия парламентининг депутати, гиёҳвандлик сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича Вестминстер қўмитаси раиси Криспин Блант ўз интервьюсида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия ҳукумати афғонистонликлар томонидан гиёҳванд моддалар етиштиришнинг жиноийлаштирилишини изчил қўллаб-қувватлаган. Лекин мамлакат ўз ишлаб чиқарувчиларига қонуний равишда гиёҳванд моддани тиббий мақсадларда етиштиришга рухсат берган.
Блантнинг таъкидлашича, афғонистонлик деҳқонларга қонуний равишда опий гиёҳванд моддасини ишлаб чиқариш ҳуқуқ орқали қашшоқлик билан курашишда ёрдам бериш мумкин. Сиёсатчи бошқа давлатлар Афғонистонда замонавий инфратузилма яратишга ва опий гиёҳванд моддасини тиббий мақсадда ишлаб чиқаришга сармоя киритиши мумкинлигини қайд этган.
Манчестер Университетининг гиёҳвандлик сиёсати бўйича профессори Жулия Бакстон эса бундай қарорлар афғон деҳқонларининг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатишига шубҳа қилган. Унинг фикрича, Афғонистонда ер эгалигининг ҳозирги тузилишини ҳисобга олганда, гиёҳванд моддалар етиштиришнинг қонунийлаштирилиши оддий деҳқонлар ўртасида молиявий барқарорликнинг ўсишига ёрдам бермайди.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати деҳқонларга кўкнор етиштиришни тақиқлаганди. Шунингдек, ҳаракатнинг асосий даромади гиёҳванд моддалар савдоси ва тоғ-кон қазилмаларидан келиши айтилган.