Эксперт минбари. Уруш ва нифоқлар ўлкаси: Тоғли Қорабоғдаги можаролар тарихи

1991 йил 2 сентябрда Тоғли Қорабоғ вилояти ва Шаумян тумани кенгашларининг қўшма сессиясида СССР таркибида Тоғли Қорабоғ Республикаси эълон қилинди. Бу кун Қорабоғ куни сифатида нишонланиб келинади. Айнан шу кундан у ер можаролар марказига айланиб қолди. Сана муносабати билан «Bugun.uz» колумнисти Шаҳбоз Ҳасанов Қорабоғдаги можаролар тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида ҳикоя қилади. 

Ҳозирги Тоғли Қорабоғ ҳудуди ХИХ аср бошларида 1804-1813 йиллардаги рус-форс уруши натижасида Россия империяси таркибига кирган. Қорабоғ хонлигини Россия таркибига ўтказиш тўғрисидаги келишув 1805 йилда (Курекчай шартномаси) тузилган ва 1813 йилда Россия империяси ва Эрон ўртасидаги Гулистон тинчлик шартномасида мустаҳкамланган.

Фото: «Wikipedia»

1921 йилдан бошлаб маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида Озарбайжон Совет Социалистик Республикаси таркибига киритилди. 1923 йилда Озарбайжон ССР таркибида автоном вилоят Тоғли Қорабоғ автоном округи (ТҚАО) мақомини олди. 1926 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Тоғли Қорабоғ аҳолиси орасида арманлар улуши 94 фоиз, советларнинг охирги 1989 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра — 77 фоиз. Совет Иттифоқи даврида Арманистон Тоғли Қорабоғни ўз юрисдикциясига ўтказиш масаласини бир неча бор кўтарган, бироқ Собиқ Иттифоқ раҳбариятининг қўллаб-қувватлашини ола билмаган.

1987 йилда минтақа арман аҳолисининг Озарбайжоннинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига норозилиги кескин ошди. Озарбайжон ССР раҳбарияти томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар вазиятга таъсир кўрсатмади. Талабаларнинг оммавий намойишлари бошланди ва Степанакертда минглаб миллатчилик митинглари ўтказилди. Шу йилнинг ўзида Тоғли Қорабоғда Арманистон билан бирлашиш учун имзо тўплаш кампанияси бошланди. 1988 йил бошида 75 минг имзо КПСС Марказий қўмитасига топширилди, бу эса Озарбайжон ССР ҳукумати томонидан жуда салбий реакцияга сабаб бўлди.

1988 йил сентябридан бошлаб арманлар ва озарбайжонлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Вазият мураккаблаша бориб, 1989 йил январь ойида СССР Қуролли Кучлари Президиумининг қарори билан ТҚАО да иттифоқ раҳбарияти томонидан тўғридан-тўғри бошқарув ўрнатилди.

1991 йил 2 сентябрда Тоғли Қорабоғ вилояти ва Шаумян тумани кенгашларининг қўшма сессиясида СССР таркибида Тоғли Қорабоғ Республикаси эълон қилинди. Унинг таркибига ТҚАО, Шаумян тумани ва кейинчалик Озарбайжоннинг Ханлар туманининг бир қисми кирган. Расмий Боку бу актни ноқонуний деб топди. Озарбайжон, Қорабоғ ва уни қўллаб-қувватловчи Арманистон ўртасида бошланган уруш икки йилу, тўрт ой давом этди ва тахминий маълумотларга кўра, 20-25 минг одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва юз минглаб тинч аҳоли яшаш жойларини тарк этди.

Фото: Telegram/Reartsakh

1993 йил апрель-ноябрь ойларида БМТ Бош Ассамблеяси минтақада оташкесим талаби билан тўртта резолюцияни қабул қилди. Уруш натижасига кўра гарчи уни Арманистоннинг ўзи тан олмаган бўлса ҳам, Тоғли Қорабоғ амалда мустақил бўлиб қолди. Озарбайжон армияси минтақа устидан назорат ўрнатолмади. Шунингдек, бир неча туманлар, шу жумладан, арман томонини Қорабоғ билан бевосита алоқани таъминловчи Лочин коридорини ҳам бой берди.

1994 йил 5 майда Россия ва Қирғизистон воситачилигида Озарбайжон, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ вакиллари ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги Бишкек протоколи номи билан маълум битимни имзоладилар.

Фаол жанговар ҳаракатлар тўхтатилган бўлсада, аммо вақти-вақти билан тўқнашувлар юз берди. 2014 йил июль ойининг охири — август ойининг бошларида Озарбайжон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда Арманистон Ми-24 вертолётини уриб туширганидан кейин можаро зонасида вазият кескинлашди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2014 йилнинг ёзида Озарбайжон армиясининг 13 ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Арманистон томондан йўқотишлар ҳақида расмий маълумотлар эълон қилинмаган.

2016 йилдаги тўқнашувлар

2016 йилда «Апрель уруши» номи билан машҳур бўлган катта кескинлик юз берди, урушлар тўрт кун давом этди. 2 апрелга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғда, можаро чизиғида, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ҳарбий хизматчилари билан Озарбайжон армияси ўртасида қаттиқ тўқнашувлар бўлиб ўтди. Томонлар бир-бирини сулҳни бузишда айблади. БМТ нинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 2-3 апрель кунлари ўтказилган ҳарбий ҳаракатлар натижасида камида 33 киши (18 та Арманистон ва 12 та Озарбайжон ҳарбийлари, уч тинч фуқаро) ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳозиргача давом этаётган «44 кунлик уруш»

2020 йилда биринчи марта 12 июлда Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият кескинлашди. Озарбайжоннинг айтишича, Арманистон қуролли кучлари артиллерия ёрдамида республика армияси позицияларига ҳужум қилган. Ўз навбатида, Ереван Озарбайжонни чегарани кесиб ўтишга уриниши ҳақида хабар берди. Ҳар икки томон ҳам ҳарбийлар орасида қурбонлар борлиги ҳақида хабар берган.

Фото: Telegram/Hmtorum

Арманистон бош вазири Никол Пашинян 27 центабр куни тонгда Фаcэбоок саҳифасида Озарбайжон армияси Қорабоғга ҳужум бошлаганини эълон қилди. Ўз навбатида, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса Арманистон Қуролли кучлари Озарбайжон ҳарбий ва фуқаролик объектларини ўққа тутганини ва «бутун фронт бўйлаб қарши ҳужум операцияси» бошланганини эълон қилди. 

Қуролли можаро юзага келиши эҳтимоли сир эмас эди — Арманистон ОАВ бир кун олдин Озарбайжон қўшинлари ва техникаси тўплангани ҳақида хабар тарқатган ва АҚШнинг Боку ва Еревандаги элчихоналари 25 сентябрда ўз фуқароларини Апшерон ярим оролидан (Озарбайжон) ташқаридаги ҳудудларга ва Озарбайжон ва Тоғли Қорабоғ билан чегарадош ҳудудларга (Арманистон) бормасликка чақирган. 

Шуни таъкидлаш жоизки, 26 сентябрь, шанба куни Россиянинг «Кавказ-2020» кенг кўламли машғулотлари бўлиб ўтган, уларнинг айрим эпизодлари Арманистон ҳудудида бўлиб ўтди ва арман ҳарбий хизматчиларининг айрим бўлинмалари Россияда эди. Озарбайжон эса бу машқларга кузатувчилар юбориш билан чекланди.

Шундан сўнг Озарбайжон ва Арманистон республикада ҳарбий ҳолат эълон қилди. Илҳом Алиев ва Никол Пашинян телевиденияда чиқиш қилиб, Ватанни ҳимоя қилишга, кўнгиллилар сафида бўлса ҳам қўшилишга даъват этишди. Ҳарбий ҳаракатлар ҳар икки томондан ҳам авж олиб кетди. Томонлар рақибининг катта сонли йўқотишлар ҳақида хабар беришар, қарши томон эса буни рад этар эди.

АҚШ нинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп ва унинг сайлов пойгасидаги рақиби Жо Байден Вашингтон вазиятни жиддий кузатиб бораётганини маълум қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ЕХҲТ Минск гуруҳини кескин танқид қилиб, уларни 30 йил давомида «Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этмади ва буни қилмаслик учун ҳамма нарсани қилди», деб айблади ва шунингдек, Туркия доим қардош Озарбайжон тарафида эканини маълум қилди. Унга кўра, «Озарбайжон ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлди».

Фото: «Wikipedia»

Агар Арманистон қуролли кучлари бу ҳудудни тарк этса, Қорабоғ можароси зонасида Озарбайжон жанговар ҳаракатларни тўхтатишга тайёр, деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. Унинг қайд этишича, «Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тикланиши керак ва ҳарбий ҳаракатлар тарихий адолатни тиклашга қаратилган».

Томонлар бир-бирини Суриядан келган жангарилардан фойдаланишда ҳам айблаган. Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Арманистон уларнинг ўлимини йўқотишлар бўйича расмий статистикада акс эттирмаган. Арманистоннинг Россиядаги элчиси эса Туркия томонидан Озарбайжонга юборилган 4000 га яқин жангари борлигини таъкидлаган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Арманистон томонининг озарбайжонларнинг бир қанча аҳоли пунктларини ўққа тутишига жавобан «Темир мушт» қарши ҳужум операцияси бошланган эди. Жанглар икки йўналишда — Қорабоғнинг шимолида ва жанубида бўлиб ўтди. Озарбайжон жанубий йўналишда муваффақият қозонишга муваффақ бўлди. Сентябрь-октябрь ойларидаги қаттиқ жанглардан сўнг, Озарбайжон қўшинлари Жаброил ва Гадрут шаҳарлари устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлди, шундан сўнг арманлар анчайин кучсизланиб қолди. Муваффақиятга таяниб, Озарбайжон армияси муҳим ҳудудларни, жумладан Физули, Зангелан, Губадли шаҳарларини эгаллади.

Ноябрь ойининг бошида Озарбайжон армияси бўлинмалари бутун Арманистон мудофаасининг пойдевори бўлган Шуша шаҳрига кирганида, қуролли тўқнашув ҳал қилувчи босқичга кирди. Озарбайжон армияси кўпчиликни ташкил этсада, лекин катта йўқотишларга дуч келди. Бу жойларда узоқ давом этган қарама-қаршилик ҳар икки томоннинг ҳарбий контингентининг кўп сондаги ўлимига таҳдид солган.

Шушага ҳужум 2020 йил 5 ноябрда бошланган. Озарбайжон армиясининг бир қисми ҳақиқатан ҳам Қизил бозор томон ҳаракат қилган. Аммо энг самарали бўлинмалар — махсус кучлар гуруҳи тўғридан-тўғри Шушага йўл олди. Бир неча ҳафта давомида улар тоғ довонларидан пиёда юриб, Шушанинг чеккасигача борди.

Миш-мишларга кўра, Шушага, Озарбайжон махсус кучлари арман ҳарбийлари кийимида киришган. Бу сезилмасдан шаҳарга яширинча кириб бориш имконини берди. Аммо ҳужум қандай ўтгани ҳақида тасдиқланган маълумотлар кам. Маълум бўлгани, махсус кучлар ўқчи батальонлар ва полклари яқинлашгунча шаҳарни бир неча кун ушлаб туришган. 8 ноябрда шаҳар Озарбайжон назоратига ўтди.

Шундан сўнг, Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия ва Озарбайжон президентлари Владимир Путин ва Илҳом Алиев билан 10 ноябрь соат 01.00 (Москва вақти билан 00.00) дан бошлаб Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида баёнот имзоланганини эълон қилди. Арманистон ҳукумати раҳбари тегишли хабарни 9 ноябрь, душанба куни эълон қилди. Шу вақтнинг ўзидаёқ Тоғли Қорабоғ ҳудудига Россия тинчликпарвар кучлари киритилишига келишиб олинди.

Фото: «TASS»

Бу хабар Озарбайжонда ғалаба сифатида кутиб олиниб, жуда катта байрамга уланиб кетди. Озарбайжоннинг ўзида шу билан бирга бошқа давлатдаги озар диаспора вакиллари бир неча кун давомида кўчаларга чиқиб ғалабани нишонлади.

Бўлиб ўтган урушдаги аниқ йўқотишлар сони ҳалигача номаълум. Шубҳасиз, ҳар икки томондан бир неча минг аскар ва юзлаб тинч фуқаролар ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида аниқ маълумотлар етарлича. Арманистон томонининг йўқотишлари сони катта деб баҳоланмоқда. Ҳалигача 1000 дан ошиқ ҳарбийлар тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Баёнот матни «мен учун ва халқимиз учун жуда оғриқли», деб тан олди Пашинян. «Мен бу қарорни ҳарбий ҳолатни чуқур таҳлил қилиш ва вазиятни назорат қилаётган энг мақбул бўлган кишиларнинг баҳолаши натижасида қабул қилдим», — дея қўшимча қилди у. Пашиняннинг сўзларига кўра, «бу қадам ҳозирги вазиятда мумкин бўлган энг яхши ечим эканлигига ишончга асосланган». «Бу ғалаба эмас, лекин сиз мағлуб бўлганингизни тан олмагунингизча мағлубият бўлмайди. Биз ҳеч қачон мағлуб бўлганимизни тан олмаймиз ва бу бизнинг миллий бирлик ва тикланиш давримизнинг бошланиши бўлиши керак», деб таъкидлаган бош вазир. 

Бу баёнот Ереванда тартибсизликлар келтириб чиқарди, намойишчилар Никол Пашинянни қидириб Арманистон ҳукумати биносига бостириб кирди. Ҳали-ҳанузгача уни сотқинликда айблаётганлар халқ орасида етарлича топилади. Ҳозиргача ўтказиб турилган митинглар, уруш қурбонлари дафн этилган Ераблур пантеонига ташриф чоғида йўлни тўсиб қўйиб, “Никол давачан” (сотқин) лозунги остида ҳайқириқлар ва полиция билан тартибсизликларни шулар жумласига киритиш мумкин.

Шартномага биноан, Арман Қорабоғи мавжуд бўлишда давом этади, лекин ҳудудий жиҳатдан тубдан қисқаради ва шартномада унинг келажакдаги сиёсий мақоми умуман айтилмаган.

Баёнот имзоланганидан бир неча кун ўтгач, Озарбайжон тинчликпарвар миссиясига Туркия ҳарбийларини киритишни режалаштиргани маълум бўлди. Бироқ, Россия Туркиянинг ролини турлича изоҳлади: Туркиядан тинчликпарвар кучлар келмайди, балки озарбайжонлар билан биргаликда, Қорабоғда эмас, балки Озарбайжон ҳудудидаги маълум бир марказда сулҳга риоя қилинишини кузатадиган турк ҳарбийлари келади.

10 ноябрда генерал-лейтенант Рустам Мурадов бошчилигидаги Россия тинчликпарвар кучлари ҳарбий контингентининг бир қисми Қорабоғга етиб келди. Рустам Мурадовнинг контингентга раҳбар қилиб тайинланиши арманлар орасида унинг динига ва миллатига нисбатан (озарбайжон бўлиши мумкин дейилди) норозиликка сабаб бўлди. Рустам Мурадов интервью бериб, миллати ва динининг ҳарбий хизматда аҳамиятсизлигини, у доимо Россия аскари бўлиб қолишини таъкидлади ва оммани тинчлантирди.

Россия тинчликпарвар кучлари минтақада 5 йил муддатда қолади ва ундан кейин томонларнинг хоҳишига кўра бу муддат автоматик тарзда узайтирилади. Адади 4000 дан ошиқ бўлган тинчликпарвар кучлар ҳозирги пайтда асосий миссиясидан ташқари муҳандислик-қурилиш ишлари, майдонларни миналардан тозалаш, тиббий инструкторлар тайёрлаш каби ишлар билан машғул бўлмоқда.

Фото: «Telegraph»

Айни дамда Тоғли Қорабоғ минтақасида муаммолар етарлича топилади. Томонлар ўртасида ўт очиш ҳаракатлари вақти-вақти билан рўй бериб турибди ва бу қурбонлар бўлишига олиб келмоқда. 2021 йил 18 август шанба куни ярим тунда, Шуша атрофида икки томоннинг хабарига кўра, позицияларга қарата отишма бўлиб ўтди. Отишма соат 22:00 атрофида эшитилган ва кечаси 02:00-03:00гача давом этган. Ҳар икки томондан ҳам камида бир нафардан қурбонлар борлиги ҳақида маълумотлар бор.

Тоғли Қорабоғ аҳолисидан тахминан 110 минг киши — Арманистонга қочиб ўтди. Кейинчалик, уларнинг 70 минги қайтиб келди, лекин бошқа жойларга. Чунки улар илгари яшаган ҳудудлар ҳозир Озарбайжон назоратида.Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳудуди камайиб, қочиб келган келган арманлар ҳисобига аҳоли сони ортди. Шунинг учун, ҳозирда уй -жой, иш ва сув таъминоти билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд. Тоғли Қорабоғ мақомига кўра (халқаро ҳуқуқ бўйича тан олинмаган республика), унга Қизил Хочдан бошқа ҳеч бир халқаро ташкилот ёрдам бермайди. 

Бошқа давлатлардаги арман диаспораси вакилларининг юбораётган моддий ёрдами эҳтиёжни қондирадиган даражада эмас. Ҳарбий асирларни алмашиш бўйича келишувлар тўлиқ амалга оширилмаган. Ҳар икки томон ҳам ўзида сақлаб турган асирларни тинчлик битимидан кейин чегарани бузган провокаторлар сифатида ушлаб турибди ва ҳарбий асир деб тан олмаяпти. 2021 йил 27 август куни Арманистонда хизмат сафари билан борган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Озарбайжонни ҳарбий асирларни озод қилишга қатъий чақирди.

Қорабоғ можароси постсовет ҳудудидаги биринчи йирик қуролли тўқнашув бўлиб ҳисобланади. Унда иккала томон ҳам нафақат қурол –яроғ, балки СССР парчаланганидан кейин республикаларда қолган оғир зирҳли машиналар, артиллерия, авиациядан ҳам фойдаланган.

Қорабоғ атрофидаги вазият ҳаммага маъқул келадиган ечими бўлмаган «абадий» можарога айланди. Арманлар ҳам, озарбайжонлар ҳам тарихан Қорабоғ билан боғлиқ, бироқ вақт кўрсатганидек, улар бирлаша олмади. Ҳатто юз йил олдин ҳам бунинг учун қулай шароит бўлганда ҳам муросага келишнинг иложи бўлмади. Эндиликда, бу нарса кўп урушлар ва тўқнашувлардан сўнг, деярли имконсиз бўлиб туюлади. Қорабоғ муаммоси бўйича охирги 20 йил ичида бошланган барча музокаралар тўхтаб қолди.

Умуман, Тоғли Қорабоғ чегарасида ва Арманистон-Озарбайжон чегарасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар мамлакатлар ўртасидаги зиддият ҳал қилинмаганидан далолат беради. Томонларнинг позициялари ҳамон муросага келмаяпти.

Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратлари нархи арзонлашиши мумкин
Жамият21:33 | 28.9.22
Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратлари нархи арзонлашиши мумкин
Бугун оқшоми. Ҳокимларга танбеҳ берган Умурзоқов, робот томонидан ўтказилган илк жарроҳлик амалиёти, фуқарони калтаклаган ИИБ ходимлари
Жамият21:02 | 28.9.22
Бугун оқшоми. Ҳокимларга танбеҳ берган Умурзоқов, робот томонидан ўтказилган илк жарроҳлик амалиёти, фуқарони калтаклаган ИИБ ходимлари
«Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз» — Шавкат Мирзиёев
Жамият20:38 | 28.9.22
«Транспорт ва логистикани янги босқичга олиб чиқмасак, иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлай олмаймиз» — Шавкат Мирзиёев
Чирчиқ дарёсида балиқлар оммавий нобуд бўлаётгани айтилди
Жамият, Тошкент вил.20:35 | 28.9.22
Чирчиқ дарёсида балиқлар оммавий нобуд бўлаётгани айтилди
Олий суд Фарғонада фуқарони калтаклаган ИИБ ходимлари судда оқлангани юзасидан баёнот берди
Жамият19:58 | 28.9.22
Олий суд Фарғонада фуқарони калтаклаган ИИБ ходимлари судда оқлангани юзасидан баёнот берди
Қамчиқ довонида юк автомобили ёниб кетди
Жамият19:35 | 28.9.22
Қамчиқ довонида юк автомобили ёниб кетди