Осиё тараққиёт банки вице-президенти Тошкентга келди
Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ашок Лаваса 31 август куни Тошкентга ташриф буюрди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, учрашувда «яшил» ва инфратузилма облигациялари, банк инвесторлари фойдасини кўзлаётган кафолатлар, шунингдек, хусусий ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Хусусан, энергетика, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилган.
Давлат хусусий шерикчилик механизмлари асосида паст вольтли электр тармоқларини модернизация қилиш ва улардан фойдаланиш ташаббусини биргаликда илгари суриш бўйича келишувга эришилган. Банк раҳбарияти тендер ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун халқаро маслаҳатчиларни жалб этишни молиялаштириш учун грант маблағларини ажратиш ҳамда электр энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга доир техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканини айтган.
Аввалроқ Сардор Умрзоқов Ислом ривожланиш банки президенти билан учрашгани маълум қилинган. Шунингдек, Туркия вице-президенти Ўзбекистонга ташрифи давомида инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов билан учрашгани хабар қилинган.