Ўзбекистон Халқаро армия ўйинларининг «Қутб юлдузи» мусобақасида 2-ўринни эгаллади
Халқаро армия ўйинларининг Беларусда ўтказилган «Қутб юлдузи» мусобақасида Ўзбекистон жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, мусобақа давомида ҳарбий хизматчилар ўқотар қуроллар ёрдамида белгиланган нишонларни йўқ қилиш, алоқани таъминлаш, парашютни аниқ ва тўғри тахлаш каби жами 6 та босқични мувафаққиятли бажарган.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Беларусь давлати эгаллаган, иккинчи ўринни Ўзбекистон ва Россия жамоалари банд қилган. Шунингдек, 3-ўринга Хитой жамоаси муносиб кўрилган.

Таъкидлашнишича, мусобақанинг 1-босқичи давомида икки нафар ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи рекорд натижаларни қайд этган. Бунда мутахассис-пулемётчи Ориф Тиллаев 18,43 сония кўрсаткич билан «Энг яхши пулемётчи» номига сазовор бўлган бўлса Хусни Мамажонов «Фаол мудофаа» машқида гранатомётдан отиш вазифасини 2,21 сонияда уддалаб, мусобақа рекордини ўрнатган.

Аввалроқ Ўзбекистон Халқаро армия ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақасида 3-ўринни эгаллагани хабар қилинган. Шунингдек, Москва вилоятида жойлашган «Алабино» полигонида «АрМИ–2021» Халқаро армия ўйинлари «Танк биатлони» мусобақасининг дастлабки босқичи бўлиб ўтгани маълум қилинган.