Шавкат Мирзиёев БАА вице-президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Дубай ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, амирликлар вице-президенти давлат раҳбари ва Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 30 йиллиги билан қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик, катта муваффақиятлар ва равнақ тилаган.
Икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, 2019 йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувларнинг бажарилиши ҳолати кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликнинг натижалари мамнуният билан қайд этилди. «Masdar» компанияси билан биргаликда Ўзбекистондаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси муваффақиятли қурилгани ва ишга туширилгани таъкидланди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таълим ва гуманитар алмашинув дастурлари фаол илгари сурилмоқда. Мамлакатда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш борасидаги тадбирлар доирасида Тошкент шаҳрида ҳукумат акселератори офиси ўз ишини бошлади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Франция президенти билан телефон орқали Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий аҳволни муҳокама қилгани хабар қилинган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Абу Даби валиаҳди билан телефон орқали мулоқот қилгани маълум қилинган.
