Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, суҳбатда Туркия раҳбари Ўзбекистонни Мустақилликнинг 30 йиллиги билан қутлади. Президентлар икки томонлама ҳамкорлик кун тартиби юзасидан фикр алмашган. Шунингдек, 2021 йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари икки баробар ўсгани ва 240 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилган.
Таъкидланишича, август ойида туркиялик етакчи мутахассислар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги архитектура-қурилиш институтларига раҳбар бўлган. Давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини, шу жумладан, стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалаларини кўриб чиққан.
Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий аҳвол кескинлашиши таъсирида минтақадаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан алоқалар ва кўп томонлама мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БАА вице-президенти билан телефон орқали қандай масалаларни муҳокама қилгани маълум қилинган. Шунингдек, давлат раҳбари Франция президенти билан телефон орқали Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий аҳволни муҳокама қилгани хабар қилинган.