Сурхондарёда ҳайдовчи ухлаб қолиши сабаб «Damas» юк машинаси билан тўқнашди — видео
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 1 сентябрь куни ҳайдовчи ухлаб қолиши оқибатида «Damas» юк машинаси билан тўқнашди. Бу ҳақда вилоят Йўл патруль хизмати ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 18:00 атрофида туман ҳудудидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1352-километрида содир бўлган. Аниқланишича, йўналиш бўйича ҳаракатланаётган «Damas» машинаси ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолган ва юк машинаси билан тўқнашган.
Оқибатда машина салонида бўлган ҳайдовчининг фарзанди олган тан жароҳати туфайли туман шифохонасида вафот этган.
Аввалроқ Жиззахда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб юк машинаси ағдарилиб кетгани ва салондаги эркак вафот этгани хабар қилинган. Шунингдек, Самарқандда 30 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 2 йўловчи вафот этгани маълум қилинган.