«Толибон» ҳаракати Аҳмад Масъудни йўқ қилмоқчилиги айтилди
«Толибон» ҳаракати Панжшердаги Афғонистон қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъудни йўқ қилмоқчилиги айтилди. Бу ҳакда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум бўлишича, бу гапни Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Агбар айтган. «‘Толибон’ ҳаракати ҳеч қачон улар билан музокара ўтказмайди (Панжшердаги қаршилик раҳбарлари билан), улар сиёсатчилар эмас, балки уч йил олдин дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган ташкилотлар рўйхатида бўлган террорчилар», — деган дипломат.
Агбарнинг фикрича, ҳаракатнинг мақсади «бутун Афғонистонни тиз чўктириш» ва «қаршиликлар раҳбарларини, айниқса, Аҳмад Масъудни йўқ қилиш». Элчи «Толибон» ҳаракати қарама-қарши томон билан музокара ўтказишга тайёр эмаслигини таъкидлаган.
Ҳаракат август ойида Афғонистоннинг деярли бутун ҳудудини эгаллаб олган. Улар ҳозирча фақат Панжшер вилоятини назоратига ололмаган. Афғонистон қаршилик фронти етакчиси Аҳмад Масъуднинг айтишича, агар ҳаракат инклюзив ҳукумат тузиб, фуқаролик ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминласа, «Толибон» ҳаракатига қарши кураш тугайди.
Аввалроқ Аҳмад Масъуд сиёсатдан кетиш шартини айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Панжшерга яна ҳужум қилган.