Тошкентда 17 ёшли йигит бошқарувидаги «Lacetti» 3 та машина билан тўқнашди — фото
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 31 август куни 17 ёшли йигит бошқарувидаги «Lacetti» 3 та машина билан тўқнашди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 16:30 атрофида туманнинг ТХАЙ кўчасида содир бўлган. Аниқланишича, 17 ёшли С.Қ. фуқаро Н.А.га тегишли «Lacetti» автомобилини олиб қочган. У йўлда машинанинг давлат рақамини ечиб ҳаракатланган ва шу кўчада йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Қайд этилишича, «Lacetti» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши сабаб «Spark», «Matiz» ва «Nexia» машиналари иштирокида тўқнашув содир бўлган. Оқибатда 2 нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган.
Транспорт воситасини олиб қочиш бўйича Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 17 ёшли йигит бошқарувидаги «Matiz» ариққа тушиб кетгани хабар қилинган. Шунингдек, Қорақалпоғистонда 18 ёшли йигит бошқарувидаги «Spark» 2 нафар пиёдани уриб юборгани маълум қилинган.
