Жиззахда юзлаб ёшлар иш билан таъминланди
Жиззах вилояти Зомин туманидаги юзлаб ёшлар иш билан таъминланди. Бу ҳақда Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Президент топшириғига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги иштирокида ҳаётга татбиқ этилаётган йирик ижтимоий лойиҳа Пишоғар ҳамда Шароф Рашидов туманидаги Равот аҳоли масканларида юзлаб қишлоқ ёшларини иш билан таъминламоқда. Бу ҳудудларда бўш ётган ерлар ўзлаштирилмоқда. Зомин туманининг Пишоғар қишлоғи ҳудудидаги жўхоризорлар ўрни бундан атиги 4–5 ой илгари ҳам қуп-қуруқ дашт эди.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида ажратиб берилган 300 гектар ернинг 140 гектарида қўш қатор усулида экилган маккажўхори томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиб ўстирилмоқда. Жўхори майдонининг 50 гектари вазирлик ўз оталиғига олган 200 нафар пишоғарлик ёшларнинг 100 нафарига 50 сотихдан тақсимлаб берилган.

Таъкидланишича, харажатлар давлат томонидан қопланмоқда. Шу тариқа зоминлик ёшлар деҳқончилик билан шуғулланиш орқали доимий иш ўрнига эга бўлган. 2021 йилнинг ўзида ёш деҳқонлар ўзларига тегишли ерда олий навли маккажўхори етиштириб, ўртача 7-8 тоннадан ҳосил олиши ва ҳар бири ўртача 25 миллион сўмдан даромад қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, қўриқ ерни ўзлаштириш жараёнида 8 та артезиан қудуқ қазилиб, сув чиқарилган. Узунлиги 200, эни 80 метрлик сув ҳавзаси барпо этилиб, аввал деҳқончилик учун умуман шароит бўлмаган ҳудудда кафолатли сув таъминоти тизими яратилган. Сув иншоотида тўпланган сув зарур минерал ўғитлар билан тўйинтирилиб, сўнг далага йўналтирилади. Келгусида шу сингари яна камида 10 та ҳовуз барпо этиш мўлжалланмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда оғир шароитдаги қанча аёл иш билан таъминлангани ва Бойсунда камида 5 минг фуқарони иш билан таъминлайдиган завод ишга тушгани хабар қилинган. Шунингдек, мамлакатда ишсизликни қисқартириш учун қанча субсидия ажратилиши маълум қилинган.