ИТБ, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони 500 млн долларлик фонд ташкил этади
Тошкентда 2 сентябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банкининг йиллик анжуманида Шавкат Мирзиёев Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш фонди ташкил этилиши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, фонд Ўзбекистон, ИТБ ва Саудия Арабистони давлатлари иштирокида тузилади. Келишувга Ўзбекистон тарафдан бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов, ИТБ томонидан банк президенти Муҳаммад ибн Сулаймон Ал-Жассир имзо чекди.
Фонд капитали 500 миллион долларга етиши режалаштирилмоқда. Шавкат Мирзиёев янги ташкил топган фонд мамлакатдаги камбағалликни камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.
Келтирилишича, фонднинг дастлабки кабитали 100 миллион доллар бўлиб, унинг 35 фоизи (35 миллион доллар) Ўзбекистон, 20 фоизи (20 миллион доллар) ИТБ ва қолган 45 фоизи (45 миллион доллар) Саудия Арабистони томонидан жалб этилади.
Шартнома имзоланиши муносабати билан Саудия Арабистони қироллигининг инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ маросим иштирокчиларига видеомурожаат юборди. «Тадқиқотларга кўра, айнан кичик ва ўрта бизнес мамлакатнинг иқтисодий ўсишига энг катта таъсирни кўрсатади. Ишончим комилки, жамғарманинг яратилиши бутун Ўзбекистон бўйлаб юз минглаб инсонларнинг ҳаётини тубдан ўзгартиради», — деди вазир.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашгани айтилганди.