Наманганда қорамол олиб беришини айтиб, фермердан 700 минг доллар олган 3 ака-ука ушланди
Наманган вилояти Учқўрғон туманида фермерга Россиядан қорамол олиб келиб бериш учун 700 минг доллар олган шахслар ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, фуқаро М.И. акалари Ғ.И., Ш.И. ва бошқалар биргаликда фуқаро С.А.ни алдаган. Унга Россиядан наслли қорамол олиб келиб, сотиш билан шуғулланишларини, унга ҳам арзон нархда қорамолларни олиб келиб беришини айтиб, 2018 йилнинг сентябрь–октябрь ойларида 135 минг доллар нақд пул шаклида, 538 450 долларни Ш.И.нинг Россиядаги ҳисоб рақамига банк орқали ўтказиш йўли билан қўлга киритиб, С.А.га етказиб берилиши керак бўлган наслли қорамолларни етказмай, пулларини шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.
Қайд этилишича, Ш.И. ва фуқаро С.А. ўртасида тузилган шартномани бажармаганидан сўнг С.А. унинг ҳаракатларидан норози бўлиб, 2019 йил Учқўрғон тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Унинг мурожаати тегишли тартибда ўрганилган. Ҳолат бўйича 2019 йил 11 июнь куни ака-ука Ш.И., М.И. ва Ғ.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Таъкидланишича, дастлабки тергов давомида Ғ.И. томонидан аслида С.А.га юборилиши керак бўлган 97 бош қорамол фуқаро Б.Р.га жўнатилгани аниқланган ва моллар С.А.га қайтарилган.
Хабар қилинишича, жиноят ишининг қидирувда бўлган М.И., Ш.И. ҳамда фермер хўжалиги раҳбари Б.Р ва банк мансабдор шахсларининг иши тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари олиб бориш учун Наманган вилоят Тергов бошқармасига юборилган. Жиноят иши бўйича фермер хўжалиги раҳбари Б.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, 2021 йил 30 август куни ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда 2 нафар фуқарони Тошкентдаги хорижий ОТМга киритиб қўйишни ваъда қилган эркак ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғонада 10 сотих ер олиб беришни ваъда қилган эркак ушлангани ва Тошкентда тадбиркорни 148 миллион сўмга чув туширган шахс қўлга тушгани маълум қилинган.