Қорақалпоғистон прокуратураси биносидаги ёнғин бўйича қўшимча маълумот берилди
Қорақалпоғистоннинг прокуратура биносида 1 сентябрь куни ёнғин келиб чиққани хабар қилинганди. Республика прокуратураси ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 14:30 атрофида Қорақалпоғистон прокуратураси биносининг 3-қавати балконида содир бўлган. Аниқланишича, Нукус шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин ўчириш экипажи воқеа жойига етиб бориб, уни қисқа вақтда бартараф этган.

Қайд этилишича, ёнғин келиб чиқишига электр симининг қисқа туташуви сабаб бўлган. Оқибатда балкондаги шифтнинг 4 метр/квадрат қисми зарарланган. Мазкур ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Хабар қилинишича, ҳозирда ёнғин туфайли келиб чиққан зарар тўлиқ бартараф қилинган.
Аввалроқ Бухородаги уйларнинг бири ёниб кетгани, Тошкентдаги кўп қаватли уйда ёнғин чиққани ва Самарқандда бир-бирига туташ бўлган уйларнинг томи ёниб кетгани хабар қилинган.