Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассир билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, учрашув аввалида ИТБ президенти давлат раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан қутлаб, бардавом тараққиёт, фаровонлик ва равнақ тилаган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳам Муҳаммад Ал-Жассирни банк президенти лавозимига сайлангани билан яна бир бор табриклаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилган. Давлат раҳбари Ислом тараққиёт банки билан шерикликнинг изчил кенгайиб бораётганини юқори баҳолаб, банк Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги дастурини қўллаб-қувватлаётгани ва уни илгари суришга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, 2022–2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ва амалга ошириш ҳамда Тошкент шаҳрида банкнинг тўлақонли ваколатхонасини ишга тушириш, молиялаштириш инструментлари самарадорлигини ошириш муҳокама қилинган. Янги ташкил этилаётган Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармаси фаолияти хусусий тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар фаровонлигини ошириш учун самарали механизм бўлиб хизмат қилишига умид билдирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги стратегик шериклик ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро яқиндан ишлаш ва фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки йиғилишидаги нутқини бошлагани хабар қилинганди. Шунингдек, у яна бир бор Афғонистон масаласига тўхталгани ва Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки фаолиятини такомиллаштириш борасида таклифлар билдиргани маълум қилинган.