Шавкат Мирзиёев ИТБ йиғилишида нималарга тўхталди?

Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь, пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишида иштирок этди. Унда қатор масалалар, хусусан, ислом дунёси билан кўп асрлик алоқалар, мусулмон оламининг ноёб маданияти, коронавирус пандемияси, иқтисодий имкониятлар борасида сўз борди. «Bugun.uz» мазкур тадбирда Президент тўхталган мавзулар бўйича тўлиқ маълумот беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилиш аввалида, анъанага кўра, раислик қилувчи давлат мадҳияси ва Қуръон оятлари янгради. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга экани, бу Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи бўлишини таъкидлади.  

«Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбек халқининг буюк аждоди, бутун мусулмон оламининг улуғ намояндаси Имом Ал Бухорий ҳазратлари жамлаган ‘Саҳиҳи Бухорий’ китобида зикр этилган ҳадиси шарифда айтилганидек, ‘Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир’. Барчамиз холис ният қилган эканмиз, Яратганнинг марҳамати билан бугун Ислом тараққиёт банки гуруҳининг йиллик учрашувини жонли равишда ўтказишга муваффақ бўлаяпмиз.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир пандемия бошлангандан бери дунёдаги халқаро молиявий институтлар орасида биринчи бўлиб ташкил этилган нуфузли анжумандир».

Шунингдек, давлат раҳбари Ислом тараққиёт банкининг барча аъзо давлатлари вакиллари номидан Муҳаммад Ал-Жассирни банк президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклади ва мамлакат билан ҳамкорлик фаолиятининг муҳим қисмига айланишига ишонч билдирди.

Президент Ўзбекистоннинг ислом дунёси билан кўп асрлик алоқаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ислом тараққиёт банкига бундан 18 йил аввал аъзо бўлган. Айни вақтда юртимизнинг Ислом дунёси билан алоқалари минг йилдан зиёд тарихга эгадир.

Асрлар давомида Ўзбекистон замини мусулмон оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг марказларидан бири бўлганидан сизлар албатта хабардорсиз. Қадимий Ўзбекистон, яъни Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир.

Бухоролик буюк уламо – имом Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари, имом Ал-Бухорий ва имом Ат-Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир. Бухорои шариф мусулмон оламида ‘Қуббат-ул ислом’, яъни ‘Ислом динининг гумбази’ номи билан маълум ва машҳурдир.

‘Жоруллоҳ’ (Аллоҳнинг қўшниси) деган шарафли ном билан улуғланган хоразмлик аллома Маҳмуд Аз-Замахшарий араб тили грамматикаси ривожига улкан ҳисса қўшганлиги сизларга яхши маълум, деб ўйлайман. Маккаи мукаррамадаги ‘Масжид ул-Ҳарам’ яқинида яшаган бу беназир олимнинг грамматикага оид ‘Ал-Муфассал’ асари, арабча-форсча луғат китоби Шарқ давлатлари олийгоҳларида кўп асрлар мобайнида асосий дарслик ва қўлланма вазифасини бажарган», — дейди у.

Шунингдек, бугун буюк аждодлар анъаналарини давом эттирган ҳолда ислом олами билан муштарак қадриятларни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.

«Жумладан, сўнгги йилларда Имом Ал-Бухорий номидаги Халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академиясини ташкил этдик. Шунингдек, янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди. ртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди.

Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати билан биргаликдаги ‘Бир миллион дастурчи’ лойиҳаси доирасида қарийб 600 минг ёшларимизга замонавий ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда», — деган Президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Қуръони Каримдан оят келтириб, инсоният катта синовларни бошидан кечираётган бир вақтда давлатлар коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини айтиб ўтди

«Бугун, инсоният катта синовларни бошидан кечираётган бир вақтда, давлатларимиз коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ковид пандемияси биз фақат узвий ҳамкорлик ва ўзаро кўмаклашиш орқали замонавий муаммоларга қарши тура олишимиз мумкинлигини кўрсатди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримнинг Шарҳ сурасида айтилганидек, ‘Машаққат ортида, албатта, енгиллик бордир’.

Яъни жаҳон миқёсида ҳануз давом этаётган пандемия нафақат катта синов, балки ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишга шароит яратадиган имконият сифатида қабул қилиниши лозим. Инқирозга қарши ишлаб чиққан чораларимизни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банкидан миннатдормиз.

Бугунги кунга қадар банк томонидан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти, йўл инфратузилмаси ҳамда қишлоқ жойларда арзон уй-жойларни қуриш учун жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳалари маъқулланган. Ва биз буни юксак қадрлаймиз», дейди Президент.

Шу билан бирга, Тошкентдаги йиғилиш доирасида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этишга келишиб олинди.

«Бизнинг камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлайдиган янги лойиҳа – Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишувнинг мазкур анжуман доирасида имзолангани учун Ислом тараққиёт банки ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукуматига ўз ташаккуримизни билдирамиз.

Капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма ёшларимиз, аёлларимиз ва қишлоқ аҳолисини  тадбиркорликка жалб қилиш учун зарур шароитлар яратишга хизмат қилади. Минтақамизда долзарб бўлган экологик мувозанатни таъминлаш учун барча давлатлар билан биргаликда фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз зарур.

Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаъфелигида тузилган Кўп шериклик траст жамғармаси фаолиятини жадаллаштириш лозим. Шу билан бирга, БМТнинг Бош ассамблеясида маъқулланган Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш жараёнини банкнинг қўллаб-қувватлаши ва кўмагига таянамиз», деб таъкидланган нутқда.

Президент, шунингдек, минтақада тараққиёт ва барқарорлик масалаларига, жумладан, Афғонистондаги вазиятга тўхталди.

«Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши Марказий Осиё минтақасида дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда бу маконда фаровонлик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдир.

Бу борада биз, биринчи галда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, сув ва энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, масалаларига катта аҳамият қаратаяпмиз. Иккинчидан, тарихдан маълумки, минтақамиз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўлкаларини боғлаган муҳим ҳудуд сифатида танилган.

Бу борада Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, айниқса, янги транспорт коридорларини ривожлантириш орқали ушбу минтақалардаги иқтисодий ўсиш ҳамда аҳолининг ҳаёт даражасини оширишни мақсад қилиб олганмиз.

Учинчидан, Афғонистонда сиёсий барқарорликни ўрнатиш ва иқтисодиётни тиклаш минтақавий хавфсизлик ва тараққиётнинг ишончли омилидир. Ўзбекистон доимо бу мамлакатдаги вазиятни   тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган. Ва ҳозирги мураккаб шароитда ҳам жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча зарур ёрдамни кўрсатиб келмоқдамиз», — деган давлат раҳбари. 

Шавкат Мирзиёев, бундан ташқари, банк фаолиятини такомиллаштириш борасидаги фикр ва таклифларини баён қилди.

«Бугунги кунда дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий, энергетика ва озиқ-овқат ресурсларининг етишмовчилиги каби жиддий синовларга дуч келмоқда.

Бу хавф-хатарларни самарали енгиш учун банкнинг аъзо мамлакатлари инновация ва технологияларни ривожлантириш ва жорий қилиш масалаларида кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатиши лозим.

Биз Ислом тараққиёт банкининг ушбу жараёнларга тўлақонли етакчилик қилиш салоҳиятига ишонамиз. Шундан келиб чиқиб, Банкимиз фаолиятини қуйидаги йўналишлар бўйича такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, ‘Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача – Яшил коридор’ номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Айниқса, бу пандемия даврида ғоят катта аҳамиятга эга. Концепциянинг рўёбга чиқарилиши ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга, мамлакатларимизнинг барқарор ўсишига ва иқтисодий жиҳатдан бирлашишига хизмат қилади.  

Иккинчидан, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш лозим. Бу саъй-ҳаракатимиз эркин савдони рағбатлантириш, инвестициявий хатарларни суғурталаш, транспорт ва логистика инфратузилмаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Учинчидан, ‘пост-ковид’ даврида аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш жуда муҳим масаладир.

Жумладан:

— Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармасининг салоҳияти ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш;
— қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
— қайта тикланадиган энергия  ва экологик технологияларнинг қўлланишини кенгайтириш асосида ‘яшил иқтисодиёт’ни ривожлантириш айниқса долзарбдир.

Тўртинчидан, минтақавий аҳамиятга эга инвестицион ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш даркор. Биз бу билан мамлакатларимизнинг ўзаро боғлиқлигини янада мустаҳкамлашга эришамиз.

Бешинчидан, янги йўналишларни молиялаштириш мақсадида, аъзо мамлакатлар томонидан Ислом тараққиёт банки капиталини ошириш бўйича аввал қабул қилинган қарор ижросини тезкор равишда таъминлашимиз зарур.

Ҳеч шубҳасиз, бугунги халқаро анжуманимиз тарихий аҳамиятга эга, ва банк доирасидаги шериклигимизни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ва аъзо мамлакатлар халқларининг умумий фаровонлигига катта ҳисса қўшади», — деб, давлат раҳбари сўзининг якунида анжуман иштирокчиларига янги ютуқлар, йиғилиш фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Нутқ якунлангач, Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилган. Давлат раҳбари Ислом тараққиёт банки билан шерикликнинг изчил кенгайиб бораётганини юқори баҳолаб, банк Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги дастурини қўллаб-қувватлаётгани ва уни илгари суришга муҳим ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этган.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қарийб 4 млн сўмга етди
Янгиликлар13:03 | 29.1.23
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қарийб 4 млн сўмга етди
Рўйхат: Ғарб давлатлари Украинага қандай ҳарбий техникаларни етказиб беришни ваъда қилди?
Янгиликлар12:31 | 29.1.23
Рўйхат: Ғарб давлатлари Украинага қандай ҳарбий техникаларни етказиб беришни ваъда қилди?
Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2022 йилда 80,4 млрд долларга етди
Янгиликлар11:59 | 29.1.23
Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2022 йилда 80,4 млрд долларга етди
Россиядан қўшни давлатларга пул ўтказмалари кескин ошди
Янгиликлар11:28 | 29.1.23
Россиядан қўшни давлатларга пул ўтказмалари кескин ошди
Эрондаги ҳарбий объектларга дрон ёрдамида зарба берилди — видео
Янгиликлар10:56 | 29.1.23
Эрондаги ҳарбий объектларга дрон ёрдамида зарба берилди — видео
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео