10:09 | 02.09.21 101

«Толибон» етакчилари ўртасида ўзаро кураш бошлангани маълум қилинди

Афғонистонда 2 та гуруҳ ташкил топиши хавфи борлиги айтилган

«Толибон» етакчилари бўлажак Афғонистон ҳукуматига иложи борича кўпроқ таъсир ўтказиш учун ўзаро кураш олиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Hindustan Times»га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, бу жараённинг асосий иштирокчилари «Толибон» ҳаракатининг кўзга кўринган лидерлари — Ҳаққоний ва «Толибон» ҳаракати асосчиси мулла Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб экани айтилган.

Таъкидланишича, Мулла Ёқубга содиқ кучлар Афғонистондаги ҳаракатнинг таянчи ҳисобланган Қандаҳорни назорат қилади ва Ҳаққоний бошқарадиган ҳаракатнинг «Ҳаққоний тармоғи» эса Кобулни назорат остида ушлаб турмоқда. «‘Толибонʼ тузган ҳукуматда иккита гуруҳ пайдо бўлиши хавфи бор», дейилган нашрда.

Шунингдек, «Толибон» ҳаракатида бошқа келишмовчиликлар ҳам борлиги айтилган. Жумладан, мулла Ёқуб Афғонистонни дипломатия билан шуғулланганлар эмас, балки ҳарбий амалиётлар учун жавобгар бўлган раҳбарлар бошқариши керак, деб ҳисобласа, Ҳаққоний тарафи эса ҳукуматни ҳаракат асосчиларидан бири мулла Абдулғани Бародар бошқаришини айтган.

«Кобулдан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, Мулла Ёқуб Доҳада дабдабали ҳаёт кечирганлар АҚШ бошчилигидаги босқинчиларга қарши курашганларга буйруқ бера олмаслигини очиқ айтган», дейилган хабарда. Маълумот учун, Бародар Доҳада Афғонистон бўйича музокаралар жараёнининг асосий иштирокчиларидан бири бўлган.

Аввалроқ «Tolonews» телеканали «Толибон» ҳаракати раҳбари Ҳайбатулла Охундзода Афғонистон олий раҳбари этиб тайинланишини хабар қилганди. «Толибон» маданий комиссияси аъзоси Анамулла Самонгонийга кўра, Охундзода раҳбар бўлади, унинг раҳбарлигида Афғонистонни президент ёки бош вазир бошқаради.

«Янги ҳукумат масаласи бўйича маслаҳатлашувлар деярли якунланди. Охундзоданинг мамлакат раҳбариятида бўлишига шубҳа йўқ. У ҳукумат бошлиғи бўлади ва бу борада ҳатто саволлар бўлмаслиги керак», — деган у. Бир қатор оммавий ахборот воситаларига кўра, эҳтимол, «Толибон» тузадиган янги ҳукуматда мамлакат бош вазири лавозими тайинланади. Бироқ бу лавозимни ким эгаллши ҳақида аниқ маълумотлар ҳозирча йўқ.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Панжшер вилоятига ҳоким тайинлаганди. Шунингдек, ҳаракат Афғонистонда янги ҳукумат тузишни бошлаган.