Буюк Британия ТИВ Марказий Осиё бўйича янги вакилини тайинлади
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё бўйича янги вакилини тайинлади. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Маълум қилинишича, Буюк Британиянинг Марказий Осиё бўйича янги вакил тайинлагани борасида мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси Девид Риннерт очиқлаган.
Қайд этилишича, Мирза Жаҳоний Марказий Осиё бўйича янги вакил сифатида тайинланган бўлиб, унинг идораси Душанбеда жойлашади. Ушбу дипломатик лавозимга тайинланишидан олдин у 15 йил давомида Буюк Британия, Шарқий Африка ва Тожикистонда «Aga Khan Foundation» жамғармасининг бош ижрочи директори лавозимида ишлаган.
Жаҳоний, шунингдек, 2004 йилдан 2009 йилгача Буюк Британиянинг Халқаро тараққиёт департаментида, Иордания, Миср, Яман, Ироқ, Марказий Осиё ва Конго Демократик Республикасида бошқарув дастури бўйича катта маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
Аввалроқ Туркманистонда Марказий Осиё давлат раҳбарлари иштирокида концерт ўтказилгани, минтақа давлат раҳбарлари Туркманистонда саноат кўргазмасини кўздан кечиргани ва Туркманистон Марказий Осиёга газ етказиб беришни кўпайтиришга тайёрлигини маълум қилгани хабар қилинган.
