Фарғонада Ҳажга боришни ният қилган боғбон маҳаллага светофор ўрнатиб бермоқда — фото
Фарғона вилояти Бағдод туманида Ҳажга боришни ният қилган боғбон маҳаллага светофор ўрнатиб бермоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Давлат Полвонов «Bugun.uz» мухбирига хабар берди.

Маълум қилинишича, Бағдод туманининг Пахтаобод маҳалласида яшовчи Исоқ Умрдинов қатнов йўлидаги чорраҳага светофор ўрнатиш ташаббуси билан чиққан.

«Тумандаги ‘Исоқжон мироб боғиʼ номли боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Исоқ ака бир неча йилдан буён муборак Ҳаж зиёратига боришни ният қилиб юрган эди. У киши Ҳаж зиёратига тўплаган пулларини аҳоли қулайлигига сарфлашга аҳд қилиб, шундай ташаббус билан чиқди», — дейди Давлат Полвонов.

Таъкидланишича, боғбон яшайдиган қишлоқдаги чорраҳалардан бири тиқилинч бўлиб, бир томонда «Мулла Аълам» масжиди, бошқа томонда эса мактаб жойлашган. Фуқаролар эса чорраҳани кесиб ўтишда қийинчиликка дуч келган. Маълумотларга кўра, ҳозирда светофор ўрнатиш ишлари бошланган.
Аввалроқ Саудия Арабистонида Ҳаж сафари қандай шароитларда ўтиши маълум бўлганди.