Ўзбекистон рақамлаштириш кўрсаткичи бўйича дунёда нечанчи ўриндалиги маълум бўлди
Ўзбекистон рақамлаштириш кўрсаткичи бўйича дунёда нечанчи ўринда экани маълум қилинди. Бу ҳақда Россиянинг интернет-алоқа соҳасидаги АHО «Диалог» маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижасига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, рақамлаштириш билан боғлиқ индекс жамиятнинг рақамли трансформация жараёнлари ҳақидаги тасаввурини баҳолашнинг ягона воситасини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон унда 51 мамлакат ичида 47-ўринни эгаллаган. Туркманистон 51, Тожикистон 50, Қирғизистон 49-ўринда қайд этилган. Биринчи ўринни эса Япония, иккинчи ўринни Эстония, учинчи ўринни Исландия эгаллаган. Кучли бешликдан Финляндия ҳамда Дания ўрин олган.
Қайд этилишича, рақамли ривожланишнинг юқори даражаси интернет мавжудлиги, фойдаланувчилар сони ва аҳолини компьютерлаштириш кўрсаткичига асосланган.
Аввалроқ Ўзбекистон халқаро коррупцияни қабул қилиш индексида 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллагани хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон болаларни тарбиялаш рейтингида нечанчи ўриндалиги бўйича маълумот берилган.