«Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи катта ютуқ бўлади» — Сергей Лавров
Пандемия туфайли қолдирилган Ўзбекистон Президентининг Россияга ташрифи эпидемик вазият имкон берган заҳоти амалга ошиши ва катта ютуқ бўлиши маълум қилинди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи борасида «Янги билимлар» марафонидаги нутқида гапирган.
«Афсуски, 2020 йилда Ўзбекистон Президентининг режалаштирилган давлат ташрифини ўтказа олмадик, бу ҳақиқатан ҳам катта ютуқ бўлади, деб ўйлайман, чунки унинг кўлами мисли кўрилмагандир. Эпидемик вазият имкон берган заҳоти бундай ташриф амалга ошади», — деган вазир.
Қўшимча қилинишича, Россия ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари ушбу масала юзасидан деярли ҳар куни боғланишда бўлиб, Лавровнинг ўзи ҳам Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан яхши алоқада.
«Албатта, бош вазирлар президентлар эришган келишувларга мувофиқ муносабатларнинг барча жабҳаларини мувофиқлаштиришга имкон берадиган махсус яратилган механизм доирасида мулоқот қилади», — дея қайд этган Россия ТИВ раҳбари.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев баҳорда Россияга бориши тўғрисидаги хабарга изоҳ берилган.