«Ёшлар» телеканали жонли эфирида ҳушидан кетган бошловчи соғлиғи тўғрисида маълумот берди — видео
«Ёшлар» телеканалининг «Тез топ» кўрсатуви бошловчиси 2 сентябрь куни тўғридан-тўғри эфир вақтида боши айланиб, йиқилиб тушгани ҳақида хабар берилганди. Бошловчи Заҳро Қиличеванинг ўзи 3 сентябрь куни соғлиғи тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланишича, бошловчининг соғлиғи жойида. Эфир пайти ҳушидан кетишига қон босимининг тушиши сабаб бўлган.
«Ассалому алайкум, ҳамма-ҳаммага. Кеча ‘Ёшларʼ каналида жонли эфирда бўлган ҳодиса ҳозир бутун ижтимоий тармоқларда айланиб юрибди. Бу хижолатли ҳолат учун ҳаммадан узр сўрайман. Жуда ҳам хижолатдаман, шу сабабли ўша видеони охиригача кўришга ўзимда куч топа олмадим.
Кўпчилик ҳол-аҳвол сўраб ёзяпти. Уларга каттакон раҳмат дейман. Бундан ташқари, билиб-билмай ҳар хил гап-сўзларни гапираётганларга инсоф тилаб қоламан. Бунга ҳеч қанақа вакцина ёки бошқа нарса сабаб бўлмаган. Шунчаки, қон босимим тушиши оқибатида бошим айланиб йиқилганман. Бор гап шу, шунинг учун ҳаммага раҳмат. Соғ бўлинглар», — дейди Заҳро Қиличева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ёшлар» телеканали маъмурияти бошловчининг жонли эфир пайтида йиқилиб тушганига изоҳ берганди. Шунингдек, «Маҳалла» телеканали Ислом Каримовнинг хиралаштирилган суратига изоҳ берган.