Афғонистон собиқ вице-президенти Панжшердан Тожикистонга кетгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ Панжшердан Тожикистонга кетгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Бу ҳақда унинг Twitter’даги саҳифасига таяниб, «Euronews» хабар берди.

Келтирилишича, ‘Толибонʼ ҳаракатига қарши қаршилик фронтига раҳбарлик қилаётган афғон етакчиси мамлакатдан қочгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, уларни «душманларнинг тарғиботи» деб атаган. Ўзини Афғонистоннинг вақтинчалик президенти деб атаган Солиҳ Панжшер вилоятида Миллий қаршилик фронти жангчилари билан қолганини айтган.
«Мен ўз мамлакатимни ташлаб, Афғонистон ташқарисида бўлганим ҳақидаги хабарлар душманларнинг тарғиботидир. Мен Панжшерда, ўз базамдаман», — деган у.
Панжшерда Аҳмад Масъуд билан бирга «Толибон»га қарши жанг қилаётган Солиҳнинг айтишича, кураш қийин бўлган, лекин исёнчилар минтақани назорат қилмоқда.
«Биз покистонликлар қўллаб-қувватлаётган ‘Толибонʼ, ‘Ал-Қоидаʼ жангарилари ҳужумига учраяпмиз. Биз ўз юртимизни ҳимоя қиляпмиз, қаршилик давом этмоқда. Душман ҳам, биз ҳам йўқотишларга учрадик. Душман томон икки ёки учта фронтдан ҳужум амалга оширмоқда, аммо биз вазиятни назорат қилмоқдамиз», — деган у.
Аввалроқ Афғонистон собиқ вице-президенти мамлакатнинг «Толибонистон»га айланишига йўл қўймаслигини айтганди. Шунингдек, Афғонистон ҳукумати қулаши қачон бошланганини маълум қилганди.